Бу борада тегишли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Қонунчилик палатасига киритилди.
Таъкидланишича, аҳолининг маданий ҳордиқ ва дам олиш масканлари муҳофазаси кучайтирилишига қаратилган қонун лойиҳаси депутатлар томонидан ишлаб чиқилди ва Қонунчилик палатасига киритилди.
Айни пайтда мазкур қонун лойиҳаси сиёсий партиялар фракцияларида қизғин муҳокама қилинмоқда.
Депутатларнинг ўрганишларидан маълум бўлишича, сўнгги йилларда давлат мулки ҳисобланган умумий фойдаланишдаги боғлар, сайилгоҳ, хиёбон ва дарахтзорлар ҳудудида бино-иншоотларни қуриш амалиёти кенгайиб бораётгани кўп йиллик дарахтларнинг кесилишига, атроф муҳит ифлосланишига, оқибатда аҳолининг ҳақли норозилигига сабаб бўлаётган эди, дея хабар беради қуйи палата матбуот хизмати.
Қайд этилишича, истироҳат боғлари ерларини маҳаллий ҳокимият захирасига олиш ва кейинчалик бегоналаштириш амалиёти кенгайиб бораётгани оқибатида эса янгидан қайта-қайта кадастр ҳужжатини тузиш орқали боғлар ҳудуди қисқариб кетмоқда.
Қолаверса, бугунги кунда маданий ҳордиқ масканлари ва улар ҳудудларининг ҳуқуқий ҳимояси етарли даражада мустаҳкамланмаган. Ҳордиқ масканлари ва улар жойлашган ерларни хусусийлаштириш, бундай объектлар ҳудудида бино-иншоот қурилишини таъқиқловчи қатъий нормалар мавжуд эмас эди.
Шу нуқтаи назардан, қонун лойиҳасида маданий ҳордиқ масканларини, уларнинг ерларини ҳамда ушбу ерлардаги бино-иншоотни бегоналаштиришни, маданий ҳордиқ масканлари ҳудудини қисқартириш, уларда бино-иншоот қуриш (енгил турдаги объектлар бундан мустасно) ёки мавжуд бино-иншоотни қурилиш ости майдонини кенгайтиришни таъқиқлаш назарда тутилмоқда.
Бу турдаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жиноий жавобгарлик кучайтирилмоқда.
Бундан ташқари, қонун лойиҳаси билан “ботаника боғлари” муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар рўйхатига киритиляпти. “Ботаника боғлари” ва уларнинг ерларини ҳам бегоналаштириш, уларнинг ҳудудида бино-иншоотлар қуриш ёки қурилиш ости майдонларини кенгайтириш таъқиқланмоқда.
Ташаббускор депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳаси маданий ҳордиқ масканлари ва бошқа яшил зоналарни муҳофаза қилишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосини яратиш баробарида маданий ҳордиқ масканлари ва уларнинг ҳудудларини сақлаб қолиш, экология ва атроф муҳитни яхшиланишига ҳамда мансабдор шахсларнинг масъулиятини оширишга хизмат қилади.