2025-йилнинг 16-январ куни Туркия ҳудудида қалбаки спиртли ичимлик истеъмоли оқибатида яна 4 нафар Ўзбекистон фуқароси (барчаси эркак) вафот этди.
Аввалроқ, 14-январ куни 6 нафар, 15-январ куни эса 4 нафар ватандошимизнинг заҳарланиш оқибатида вафот этгани ҳақида хабар берган эдик. 17-январ ҳолатига кўра, заҳарланиш оқибатида вафот этган фуқароларимизнинг умумий сони 14 нафарни ташкил қилмоқда.
Олинган маълумотларга кўра, жорий йилнинг 17-январ ҳолатида қалбаки спиртли ичимлик истеъмоли ташхиси билан Туркия бўйлаб касалланганлар сони 88 нафарни ташкил этиб, шундан 37 нафари вафот этган. Ушбу қурбонлар орасида маҳаллий аҳоли вакиллари ва бошқа миллат вакиллари ҳам мавжуд.
Истанбул ҳокимлиги томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари 2025-йил 16-январ куни Истанбул шаҳрида 32 862 литр ноқонуний метил ва этил спиртли ичимликларни мусодара қилган.
Тадбирлар Султангази, Фатиҳ, Бакıркöй, Кüçüкçекмеcе, Çаталcа, Эсенюрт, Зейтинбурну ва Бейкоз туманларида ўтказилиб, 9 нафар гумонланувчи қўлга олинган. Текширувлар чоғида 227 шиша сохта ичимлик ва дистиллаш ускунаси ҳам топилган. Қўлга олинганлардан 3 нафари полициядаги сўроқлардан сўнг қўйиб юборилган бўлса, 6 нафарининг тергови давом этмоқда.