Бугун 18 май, 2025 йил, якшанба

O'ZB

Истанбул: тинчлик учун биринчи ва охирги имкониятми?

Истанбул: тинчлик учун биринчи ва охирги имкониятми?

НАТО бош котиби Марк Рютте Истанбулдаги музокара жараёнини муваффақиятли ўтказиш учун зарур шароитлар мавжудлигини таъкидлади: “Сизда ташқи ишлар вазири, президент каби сиёсатчилар бор – улар музокараларни муваффақиятли якунлашга ёрдам беради. Шу сабабли, бу ерда Туркиянинг роли муҳим.”

АҚШ президенти Доналд Трамп эса Истанбулдаги учрашувда томонлар 30 кунлик ўт очишни тўхтатиш борасида келишувга эриша олишига умид билдирди: “15-май, пайшанба куни Туркияда ўтказиладиган учрашувни эътиборсиз қолдирмаслик керак. Президент Эрдўған ажойиб мезбон бўлади.”

Россия ва Украина ҳали 2022-йилнинг март ойида Туркияни музокаралар учун майдон сифатида танлаган эди. Ўшанда уруш бошланганидан бери илк шахсий учрашув бўлиб ўтган. Бу учрашув натижасида Туркия воситачилигида “Қора денгиз дон ташаббуси” келишуви имзоланган. Шу орқали Москва ва Киев ўртасида илк муросага эришилган, буғдой нархлари урушдан олдинги даражага тушган ва глобал очарчилик хавфи бартараф этилган эди.

2022-йилнинг кузида Россия ва Украина яна бир бор 200 дан ортиқ ҳарбий асирлар билан алмашди – бу ҳам Туркия дипломатик саъй-ҳаракатлари натижасида амалга ошди. 22-сентябрга ўтар кечаси Украина 215 нафар ҳарбийни, жумладан “Азовстал” ҳимоячиларини қайтариб олди, Россия эса 55 нафар ҳарбий ҳамда сиёсатчи Виктор Медведчукни олди.

2025-йил бошидан бери АҚШ босими остида Россия-Украина музокаралари жонланди, аммо ҳозиргача улар билвосита шаклда, яъни делегациялар алоҳида ҳолда АҚШ вакиллари билан учрашиб келган. Истанбулдаги учрашув – охирги уч йилда илк тўғридан-тўғри икки томонлама диалог бўлади.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған эслатишича, 2022-йилнинг мартида Москва ва Киев муросага жуда яқин бўлган, аммо ҳарбий “баронлар” аралашуви туфайли бу уринишлар муваффақияциз тугаган:
“Бугунги саъй-ҳаракатлар натижасида янги имконият ойнаси очилди. Бу сафар тинчликка эришиш имкониятини бой бермаймиз деган умиддамиз ва бунга ишонамиз,” – деди у.

Россия делегацияси 15-май тонгида Истанбулдаги Отатурк аеропортига етиб келди. Президент Владимир Путин музокарачилар таркибини учрашув арафасида тасдиқлади. Делегацияга 2022-йилдаги каби президент ёрдамчиси Владимир Мединский бошчилик қилмоқда. Бошқа аъзолар: Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари ўринбосари Михаил Галузин, Бош штаб ўринбосари Игор Костюков ва Мудофаа вазири ўринбосари Александр Фомин.

Мединский Телеграмъда: “Путин томонидан таклиф қилинган бевосита музокаралар мақсади – можаронинг туб сабабларини бартараф этган ҳолда, узоқ муддатли ва барқарор тинчлик ўрнатишдир”, – деб ёзди.

Украина президенти Владимир Зеленский эса шахсан ўзи Туркияга келди ва Анқарага етиб борди. У учрашув Туркия президенти Эрдўған ва кенгайтирилган турк делегацияси билан бошланишини айтди.

“Биз америкалик ҳамкорлар билан алоқа қилмоқдамиз, улар ҳам, деб ўйлайман, Туркияда юқори даражада қатнашади. Россия делегацияси даражаси қандай бўлишини кўрамиз,” – деди Зеленский.

У шунингдек, Украина делегацияси ҳам юқори даражада иштирок этишини таъкидлади: “Ташқи ишлар вазирлиги, президент администрацияси, ҳарбийлар, разведкаларимиз – ҳаммаси бу ерда бўлади, адолатли тинчликка эришиш учун керакли қарорларни қабул қилишга тайёрмиз.”

Украина томони делегациясига қуйидагилар кирган: президент офиси раҳбари Андрей Ермак, мудофаа вазири Рустем Умеров, ташқи ишлар вазири Андрей Сибига ва президент маслаҳатчиси Игор Жовква.

АҚШ – музокараларда иштирок этадиган вакилларни олдиндан эълон қилган ягона давлат. 13-май куни АҚШ президенти Доналд Трамп давлат котиби Марко Рубиони Истанбулга юборишини маълум қилган. Бундан ташқари, АҚШ президентининг махсус элчилари Стив Уиткофф ва Кит Келлог ҳам жума куни Туркияга йўл олиши режалаштирилган.

Музокаралардан нима кутиш мумкин?

Сиёсатшунос Денис Денисов TRT Россия хизматига берган интервюсида Россия делегациясининг таркиби бежиз танланмаганини таъкидлади:
“Россия бу музокараларни 2022-йил март ойида бошланган тинчлик жараёнининг мантиқий давоми деб билади. Эҳтимол, Москва аввалги келишувга қайтишни ва уни янги шароитларга мослаштиришни таклиф қилади.”

Делегацияга бир неча ҳарбийларнинг киритилгани эса хавфсизлик масаласи музокараларда муҳим ўрин эгаллашини кўрсатади.
“30 кунлик ўт очишни тўхтатишни эълон қилиш – бу бир нарса, аммо уни амалда бажариш – бутунлай бошқа масала. Бунинг учун кўплаб техник параметрлар келишиб олиниши зарур,” – деди Денисов.

Унга кўра, ҳарбийлар асосан қуролларни четга олиш, уларнинг турлари ва масофалари бўйича масалаларни кўриб чиқади.
“Оғир қуроллар, автоматлар, миномётлар, танклар – айнан қайси техника ҳақида гап кетаётгани аниқ бўлиши керак. Шунингдек, бу техника қаердан четга олинади – бу ҳам муҳим,” – дейди у.

Музокараларнинг ўзиниёқ муваффақият деб аташ мумкин, дейди сиёсатшунос:
“Бу аллақачон натижа ҳисобланади. Бир неча кун ичида барча ҳужжатлар тайёр бўлади, дейишга ҳали эрта. Аммо хавфсизлик масалаларида жиддий силжиш бўлиши мумкин. Россия делегацияси сафида бу борада йўл харитаси ишлаб чиқишга қодир мутахассислар бор.”

Киритилди: 13:33 16.05.2025. Ўқилди: 478 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!