Бугун 17 февраль, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Истанбул миноралари ортида қандай афсоналар яширинган?

Истанбул миноралари ортида қандай афсоналар яширинган?

Истанбул ўзининг бетакрор силуэти билан дунёга машҳур шаҳар. Қуёш ботиш маҳалида янада равшан кўзга ташланадиган масжид-у миноралар, мовий сувлар бағрида сузаётган паромлар ва Тарихий Яриморол бўйлаб салобат билан қад ростлаган етти тепа — буларнинг барчаси шаҳар манзарасининг ажралмас қисмидир. Аммо Истанбул қиёфасига алоҳида маъно ва жозиба бағишлайдиган яна бир муҳим рамз бор — унинг тарихий миноралари. Бу миноралар нафақат меъморий қиёфаси, балки бой тарихий ҳикоялари билан ҳам эътиборни тортади.

Босфор ўртасидаги афсона: Қиз минораси

Қиз минораси Истанбулнинг энг қадимий рамзларидан бири бўлиб, у Ускудардаги Салажак соҳилидаги денгиз ўртасида жойлашган. Тарихи милоддан аввалги V асрга бориб тақаладиган ушбу иншоотни бемалол Ускударнинг тимсоли деб аташ мумкин. ХII асрда Шарқий Рим императори Мануел Комненос II томонидан мудофаа мақсадида қурилган минора тарих давомида божхона пункти, сургун жойи ва денгиз маёғи каби турли вазифаларни бажарган. Ҳатто қадимда Босфор бўғозидан ўтган кемалардан бож олинадиган маскан сифатида ҳам хизмат қилган. 1509 йилдаги кучли зилзила ва 1721 йилдаги ёнғин иншоотга жиддий зарар етказган бўлса-да, у бир неча бор қайта тикланган. Сўнгги кенг кўламли реставрация 2021 йилда амалга оширилди.

Бугунги кунда минорага қирғоқдан жўнайдиган махсус қайиқлар орқали бориш мумкин. Қиз минораси кўплаб афсоналарга бой. Энг машҳури — подшоҳнинг қизи ҳақидаги ривоятдир. Унга кўра, маликанинг илон чақишидан вафот этиши башорат қилинади, подшоҳ уни ҳимоя қилиш мақсадида минора қурдиради. Бироқ тақдир ҳукми билан озиқ-овқат саватидан чиққан илон маликанинг умрига зомин бўлади. Шунингдек, Қиз минораси ва Галата минорасининг ўртасидаги муҳаббат ҳақидаги ривоят ҳам машҳур. Уларнинг орасини Истанбул бўғози ажратиб туради — гўё бир-бирига етолмайдиган, аммо доимо соғинч билан қараб турадиган икки ошиқдек тасвирланади.

Романтик силуэт: Галата минораси

Истанбулнинг тарихий миноралари орасида энг машҳурларидан яна бири — Галата минораси. 1335–1349 йилларда генуяликлар томонидан бунёд этилган ушбу иншоот Усмонийлар даврида омбор, ёнғин кузатув минораси ва ҳатто асирлар сақланадиган жой сифатида ҳам хизмат қилган.

1509 йилдаги кучли зилзила ва 1831 йилдаги йирик ёнғин оқибатида Галата минораси меъморий жиҳатдан муайян ўзгаришларга учради. 1965–1967 йилларда олиб борилган реставрация ишлари натижасида туристик масканга айлантирилди. 2013 йилда эса ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси вақтинчалик рўйхатига киритилди.

Галата минораси ҳақидаги машҳур ривоят Ҳезарфен Аҳмад Чалабий номи билан боғлиқ. Афсонага кўра, у ёғоч қанотлар билан минорадан учиб, Ускударга етиб борган. Гўёки у Қиз минорасига ёзилган муҳаббат мактубларини ҳам олиб учган, бироқ шамол уларни Бўғоз тўлқинларига сочиб юборган. Шунга қарамай, ривоятларда Қиз минораси бу муҳаббатни барибир ҳис этган, дейилади.

Об-ҳаво хабарчиси: Беязит минораси

Беязит минораси 1749 йилда ёғочдан қурилган. У шаҳарда тез-тез юз берадиган ёнғинларни кузатиш ва у ҳақида огоҳлантириш вазифасини бажарган. Бир неча бор ёнғинлардан зарар кўрган миноранинг Беязит майдонига қараган томонида Султон Маҳмуд II нинг туғраси (ҳукмдорнинг каллиграфик расмий муҳр-белгиси) туширилган лавҳа мавжуд. Миноранинг яна бир ўзига хос аҳамияти шундаки, у узоқ вақт давомида истанбулликларга эртанги кун об-ҳавоси ҳақида хабар бериб келган. Минора кўк рангда ёритилса — ҳаво очиқ бўлиши, яшил ранг — ёмғир ёғиши, сариқ ранг — туман тушиши, қизил ранг эса қор ёғишини англатган.

Деворлар туташган маскан: Мармар минора

Мармар минора Истанбулнинг энг қадимий мудофаа иншоотларидан бири ҳисобланади. У мармар блоклардан тўрт қаватли қилиб қурилган ва тарих давомида турли вазифаларни бажарган. Минорадаги паст-у баланд деворлар ҳамда қия йўлаклар унинг ҳарбий мақсадда қўлланганини кўрсатса, кейинчалик ички қисмига қўшилган сардобалар ҳамда айрим меъморий унсурлар эса маълум даврларда турар жой сифатида ҳам фойдаланилганини англатади.

Мафтункор меъморий обида: Долмабаҳче соат минораси

Долмабаҳче соат минораси Безмиалем Валиде Султон масжиди билан Долмабаҳче саройининг Салтанат дарвозаси ўртасида жойлашган. Ушбу минора 1890–1895 йиллар оралиғида Султон Абдулҳамид II фармони билан бунёд этилган. У нафис ва ўзига хос меъморий қиёфаси билан ажралиб туради. Меъмор Саркис Балян томонидан нео-барокко ва ампир услубида қурилган иншоот 27 метр баландликка эга бўлиб, сарой мажмуасининг муҳим безакларидан бири саналади.

Бешиктош юрагида: Йилдиз соат минораси

Йилдиз соат минораси Бешиктош туманидаги Йилдиз саройи мажмуасига мансуб Йилдиз масжиди ҳовлисининг жануби-ғарбий қисмида жойлашган. Шарқона (ориенталистик) услубда барпо этилган миноранинг ташқи фасадида ёзув лавҳаси ва барометр мавжуд. Ўзининг нафислиги билан ҳар бир кишида ҳайрат ва қизиқиш уйғотади.

Киритилди: Бугун 10:14. Ўқилди: 370 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!