— Мен яшаётган уйим ҳовлисида иссиқхона қурмоқчиман. Давлат томонидани иссиқхона қуриш учун субсидия кредит ажратилаётганлигини эшитдим. Иссиқхона қуриш учун субсидия кредит олиш тартиби ҳақида тушунтириш беринг?
— Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг 2019 йил 10 майдаги 19-2019-Б-сон буйруғига асосан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия ва грантлар ажратиш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 21-бандида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 майдаги ПҚ-4716-сон «Томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ субсидиялар, Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази, етказиб берувчи ташкилотлар ва томорқа ер эгалари ўртасида тузилган уч томонлама шартномалар асосида енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваригача ажратилиши белгиланган.
Бунда, Низомнинг 36-бандига кўра, ишсиз, кам таъминланган ва камбағал оилалар аъзоси бўлган томорқа ер эгаси енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш ва (ёки) уруғликлар, кўчатлар ёхуд суғориш воситалари харид қилиш учун субсидия ажратишни сўраб тегишли ҳудуддаги Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига мурожаат қилишингиз мумкин.
А. ҒУЛОМЖОНОВ,
Избоскан туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси