Исроилнинг Ғазо секторига берган зарбаси оқибатида БМТ ҳомийлигидаги ташкилот ходими ҳалок бўлди, яна беш киши яраланди. Бу ҳақда Фаластин анклавининг соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди, дея хабар беради ТАСС.
"БМТ ташкилотларида ишловчи олти нафар хорижлик Исроилнинг Ғазо марказида уюштирган ҳаво ҳужуми чоғида жароҳатланди. Улардан бири Шуҳада ал-Ақса касалхонасига етиб келган заҳоти вафот этди", – деб ёзди Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўзининг Telegram-каналида. Шифокорлар жароҳатланганларнинг аҳволи оғир эканини айтишди.
Ўз навбатида, Мисрнинг “Ал-Қаҳира Ал-Ихбария” телеканали манбаларга таяниб, ўққа тутилган БМТ ходимлари Ғазо секторини миналардан тозалаш билан шуғулланганини маълум қилди. Ҳодиса анклавнинг марказий қисмидаги Дайр ал-Балаҳ шаҳри ҳудудида содир бўлган.