Исроилдаги ресторан ва бар эгалари Эрон билан бўлаётган уруш даврида фирибгарликнинг янги шаклига дуч келишмоқда: ташриф буюрувчилар юзлаб шекел миқдоридаги ҳисобларни тўламаслик учун ҳаво ҳужумидан огоҳлантириш (сирена) сигналларидан атайлаб фойдаланиб, муассасани тарк этишмоқда. Бу ҳақда маҳаллий «Walla» нашри хабар бермоқда.
Баъзи муассасалар аллақачон олдиндан тўлов тизимига ўтган ёки стол банд қилиш вақтида кредит карта маълумотларини олишни бошлаган. Тадбиркорларнинг таъкидлашича, улар ҳатто ўнлаб шекел йўқотишга ҳам қурбилари етмайди, чунки бизнес ҳозирда амаллаб кун кўрмоқда.
Исроил Ресторан ва барлар ассоциацияси маълумотларига кўра, уруш бошланганидан бери мамлакатдаги ресторан ва барларнинг 47 фоизи ўз фаолиятини тўхтатган, ишлаётганларининг даромади эса 50 фоиз ва ундан кўпроққа камайган.