Бу ҳақда Ливан бош вазири Нажиб Микатига таяниб, Arab News хабар берди.
Сиёсатчининг айтишича, АҚШ президенти ёрдамчисининг ўринбосари, Давлат департаментининг энергетик хавфсизлиги бўйича катта маслаҳатчиси Эймос Хокстин билан ўтказган телефон суҳбати натижалари сулҳ бўлишига умид уйғотмоқда.
"Бу телефон суҳбатидан олдин ўт очишни тўхтатиш 5 ноябрдан аввал бўлишини кутмаган эдим", — деди Нажиб Микати.
Унга кўра, Хокстин Байрутга қилган сўнгги ташрифи пайтида Ливан парламенти раиси Набих Беррига “махфий” таклиф топширган. Унда Литани дарёсининг жанубида Ливан армиясидан ташқари ҳеч қандай қуролли кучлар бўлмаслиги — “Ҳизбуллоҳ” бу ҳудудни тарк этиши лозимлиги таъкидланган.
“Ҳизбуллоҳ”нинг янги раҳбари Наим Қосим 30 октябр куни Исроил билан “мақбул шартлар асосида” ўт очишни тўхтатишга рози бўлишини айтди. Бироқ ҳали самарали келишув тақдим этилмаганини билдирди. Аввалроқ “Ҳизбуллоҳ” Ғазода ўт очишни тўхтатиш шарти билан Исроилга ҳужумларини тўхтатишини бир неча бор эълон қилганди. Аммо Қосим баёнотида Фаластин ҳудуди ҳақида ҳеч қандай гап бормаган. “Муносиб ва мақбул” деб топилган шартлар асосида ўт очишни тўхтатиш қабул қилиниши айтилган.