Америка Қўшма Штатларининг Лас Вегас шаҳрида ташкил этилган профессионал бокс оқшоми доирасида ўзбекистонлик Исроил Мадримов Доминикан Республикаси вакили Луис Давид Салазарга қарши рингга кўтарилди ва очколар ҳисобига кўра ғалаба қозонди.
Мазкур жангдан сўнг Мадримов ўз фикрларини билдирди.
“Ассалому алайкум, қадрли юртдошлар. Навбатдаги жангимизни ҳам ўтказиб олдик. Бир йилдан буён рингга кўтарилмагандим. Кейинги жангларимизда янада ёрқинроқ ҳаракат қилиб, чиройли ғалабалар билан сизларни хурсанд қиламиз. Мени қўллаб-қувватлаган барчага ўз миннатдорлигимни билдираман. Чемпионлик камарини қайтариб олиш учун бор имкониятимни ишга соламан. Олға, Ўзбекистон”, — деди боксчи.
Маълумот учун, 10 раундга мўлжалланган жанг тўлиқ давом этди ва унда ҳакамларнинг якдил қарори билан (99:91, 99:91, 99:91) Исроил Мадримов ғалаба қозонди. Жанг давомида ўзбекистонлик чарм қўлқоп устаси сезиларли устунликка эришди.
30 ёшли Исроил Мадримов профессионал боксда 14 та жанг ўтказиб, 11 та ғалаба, 2 та мағлубият ва 1 та дуранг қайд этган. 32 ёшли Луис Давид Салазар эса профессионал фаолиятида иккинчи мағлубиятини қабул қилди. Унинг ҳисобида 20 та ғалаба мавжуд.
Шунингдек, Мадримов сўнгги бор 2025 йил 23 февраль куни Саудия Арабистонида WBC Интерим чемпионлик камари учун АҚШ вакили Вергил Ортисга қарши рингга кўтарилиб, ҳакамлар қарорига кўра имкониятни бой берган эди.