Исроил кучлари Ғазодаги мактабга ҳужум уюштирганидан кейин камида 15 фаластинлик ҳалок бўлди, деб хабар берди «Ал-Жазира».
Фаластиннинг қамалдаги ҳудуди бўйлаб ҳужумлар тўлқини пайтида ўнлаб фаластинликлар, шу жумладан бир кечада икки журналист ҳалок бўлди.
Гувоҳларнинг «Al-Jazeera»га айтишича, якшанба куни Ғазо шимолидаги Байт Ҳанундаги Халил Овайда мактабига Исроил томонидан уюштирилган ҳужумда яна бир неча киши жароҳатланган.
«Al-Jazeera» мухбири Ҳани Маҳмуд гувоҳларга таяниб, мактабга ҳужум пайтида жабрланганларнинг аксарияти «оғир тан жароҳати олганини» айтди.
«Уларнинг борадиган жойи йўқ, чунки Исроил ҳарбий кучлари ҳудудни танклар ва зирҳли транспорт воситалари билан ўраб олиб, мактабга оғир артиллерия билан зарба бермоқда,» - деди у.
Ҳалок бўлганлар орасида икки болани ўз ичига олган тўрт кишилик оила ҳам бор эди. Улар яширинган синф хонаси артиллерия ўқидан "тўғридан-тўғри зарба" олган.
"Жароҳатланганларнинг кўпчилиги мактаб ҳовлисида ва бошқа синф хоналарида. Улар ҳеч қандай тиббий ёрдам ололмаяпти, чунки Байт Ханоондаги биронта шифохона ишламаяпти," - деди у, мактабга бостириб кириш "олдиндан огоҳлантиришсиз" содир бўлганини таъкидлаб.
Фаластиннинг WAFA ахборот агентлиги ҳам 15 киши ҳалок бўлганини тасдиқлади.
WAFA хабар беришича, қамал қилинган мактабда қолганлар, уларнинг аксарияти аёллар ва болалар, ҳудудни тарк этишга ва Салоҳиддин кўчасида ўрнатилган ҳарбий назорат-ўтказиш пунктига боришга мажбур бўлишмоқда. Хабарларга кўра, бир неча эркак ҳибсга олинган.
Мактабни қамал қилиш ҳамон давом этмоқда.
Умуман олганда, сўнгги 24 соат ичида Ғазо бўйлаб камида 46 нафар фаластинлик ҳалок бўлди, дея хабар қилди қамалдаги ҳудуднинг Соғлиқни сақлаш вазирлиги. Вазирлик шу вақт ичида Исроил кучлари томонидан бешта "қирғин" содир этилганини ҳам қўшимча қилди.