Бу ҳақда Исроил молия вазири, ўта ўнг қарашли “Диний сионизм” партияси раҳбари Бецалел Смотричнинг идораси хабар берди.
Мазкур ташаббус Бецалел Смотрич ва Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац томонидан ишлаб чиқилган. Шу тариқа, халқаро ҳуқуқ нормаларига зид равишда Ғарбий соҳилда барпо этилган яҳудийлар аҳоли пунктлари сони 69 тага етади.
АFP'нинг ёзишича, маъқулланган 19 та аҳоли пунктидан 5 таси аллақачон мавжуд, аммо ҳозиргача Исроил қонунлари бўйича расман тан олинмаганди. Яна иккитаси эса йигирма йил аввал бузиб ташланган, энди эса қайтадан тикланади.
Смотричнинг сўзларига кўра, бундай қадам Фаластин давлатини тузишнинг олдини олиши керак, чунки Исроил бундай истиқболни ўз хавфсизлигига таҳдид деб баҳолайди.
Исроил 1967 йилдаги “Олти кунлик уруш” пайтида Иордан дарёсининг Ғарбий соҳили устидан назорат ўрнатган. Халқаро ҳуқуққа кўра, ушбу Фаластин ҳудудларида яҳудийлар аҳоли пунктларини қуриш ноқонуний ҳисобланади.