Исроил мудофаа вазири Исраэль Кац Эронни қўллаб-қувватлаш ҳақида «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати вакили Наим Касем айтган сўзлар фонида ҳаракатга нисбатан қаттиқ баёнот билан чиқди. Вазирнинг сўзларига кўра, можарога ҳар қандай аралашув жиддий оқибатларга олиб келади.
«Ҳизбуллоҳ бош котиби ўздан аввалгиларнинг тақдиридан хулоса чиқармаган», — деб ёзди Кац ижтимоий тармоқларда, ҳаракатнинг собиқ қўмондонлари, жумладан Ҳасан Насруллоҳ ва Ҳошим Сафиуддиннинг ўлдирилиши ҳақида эслатар экан.
❕ У Касемни «Эрон раҳбарияти буйруғи билан Исроилга таҳдид қилишда» айблади ва «Исроил ўз хавфсизлигига таҳдид қилувчиларга нисбатан сабри тугаганини» таъкидлади.
❌ Вазирнинг айтишича, Исроил ҳар қандай ҳужумни «Ҳизбуллоҳ»ни ҳарбий куч сифатида йўқ қилиш учун сабаб деб билади.
19 июнь куни Наим Касем «Ҳизбуллоҳ» Эрон томонида эканини ва Исроилга қарши тўқнашувда Теҳронни қўллаб-қувватлаш «ҳаракатнинг бурчи» эканини айтди. Унинг таъкидлашича, мақсад — «Исроил тажовузини тўхтатиш».
«Ҳизбуллоҳ» баёнотида, шунингдек, Эрон раҳбари Олий аятулло Алий Хоманаийга нисбатан бўлиши мумкин бўлган сўиқасд «жиддий оқибатларга олиб келиши» ҳақида огоҳлантирув берилган.
Бундан аввал АҚШнинг Сурия бўйича махсус вакили Том Барак ҳам «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатига нисбатан қаттиқ баёнот билан чиққан эди. Унинг таъкидлашича, ҳаракатнинг амалдаги можарога аралашиши — «жуда-жуда ёмон қарор» бўлади.
«Президент Трамп номидан айта оламан — бу мутлақо ақлга тўғри келмайдиган иш бўлади», — деди Барак, ҳаракатнинг эҳтимолий роли ҳақидаги саволга жавоб бериб.
АҚШ томони аралашув ҳолатда қандай чоралар кўрилиши ҳақида аниқлик киритмаган, бироқ «Ҳизбуллоҳ»нинг ҳар қандай ҳаракати жиддий кескинлашув сифатида баҳоланишини таъкидлаган.