Исроил ҳарбийлари Ғарбий соҳилда жойлашган Петцаэль қишлоғи яқинидаги фермада камида 200 та тимсоҳни ўлдирди. Бу ҳақда бир неча маҳаллий ва халқаро нашрлар хабар берди.
Ферма эгаси, исроиллик Дэнни Битаннинг айтишича, у ерда тахминан 800 та тимсоҳ бор эди ва у уларни хорижга кўчиришни режалаштираётганди. Аммо бу режалар Ғазодаги уруш сабаб тўхтатилган. Битаннинг сўзларига кўра, ҳарбийлар фермага кириб, тимсоҳларни шунчаки ўлдириб кетишган.
1990-йилларда ташкил этилган мазкур ферма сайёҳлар учун мўлжалланган бўлиб, тимсоҳ терисини етказиб бериш билан ҳам шуғулланган. Аммо 2013 йилда нил тимсоҳлари ҳимоя остига олингач, ферма фаолияти тўхтаб, шароитлар оғирлашган. Бу, айни пайтда, тимсоҳлар орасида каннибализм ҳолатларига ҳам олиб келган.
Жойдан олинган видеолавҳаларда ўлдирилган тимсоҳлар танаси ва гильзалар кўринган. Ферма бошқарувчисига кўра, тинтув пайтида унинг телефони мусодара қилинган, Битан билан боғланишига тўсқинлик қилинган.
Исроилнинг “Let the Animals Live” номли жамоатчилик ташкилоти буни қонли ва ноқонуний қатл деб баҳолади ҳамда жавобгар шахсларга нисбатан тергов ўтказишни талаб қилди.