Бугун 21 ноябрь, 2026 йил, шанба

O'ZB

Исроил Эронга қарши янги уруш бошлашга интилмоқда

Исроил Эронга қарши янги уруш бошлашга интилмоқда

Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху АҚШ президенти Дональд Трампни Эронга қарши ҳарбий ҳужумларни қайта бошлашга кўндиришга уринмоқда. Бу ҳақда The Wall Street Journal нашри хабар берди.

Tasnim News маълумотига кўра, Нетаньяху бундай ҳаракатларни Исроилдаги сиёсий мавқеи заифлашаётган ва унинг ҳокимиятдан кетиши эҳтимоли кучаяётган бир пайтда амалга оширмоқда.

Нашрнинг ёзишича, Нетаньяхуга яқин шахслардан бири бўлган Исроил разведка хизмати — Mossad раҳбари Роман Хофман ўтган ҳафта Вашингтонга ташрифи давомида АҚШ маъмуриятининг бир қатор вакиллари, жумладан, Марказий разведка бошқармаси (CIA) директори Жон Рэтклифф билан учрашган.

Учрашувдан хабардор манбаларга кўра, Хофман музокаралар чоғида Америка расмийларини Эронга қарши бир неча кун давом этадиган янги ҳаво ҳужумлари кампаниясини қўллаб-қувватлашга чақирган.

Нашр таъкидлашича, Нетаньяхининг сиёсий рақиблари унинг хавфсизлик вазиятини ўзгартириш, янги ҳукумат тузилишига тўсқинлик қилиш ва ўз мавқеини сақлаб қолиш учун Эронга қарши яна ҳужум уюштириши мумкинлигидан хавотирда. Шунингдек, улар Теҳроннинг жавоб зарбаси Исроилда янги сиёсий вазиятни юзага келтириши мумкинлигини истисно этмаяпти.

Бироқ Исроил бош вазирининг режаларига минтақадаги араб давлатларининг хавотирлари тўсиқ бўлмоқда. Улар Эронга такрорий ҳужумлар жиддий оқибатларга олиб келиши, жумладан, минтақадаги инфратузилмага зарар етказиши мумкинлигидан ташвиш билдирмоқда.

The Wall Street Journal манбаларига кўра, араб давлатлари Вашингтонни ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлаш ўрнига дипломатик саъй-ҳаракатларни давом эттиришга ва Теҳрон билан келишувга эришишга чақирмоқда.

Киритилди: 18:05 20.11.2026. Ўқилди: 490 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар