Ғазо секторига уюштирилган ҳужумларда қатнашган Исроил армиясига қарашли Голани бригадасининг бир аскари мамлакат шимолидаги ҳарбий база ҳудудида ўлик ҳолда топилди.
KAN давлат телеканали армия вакилига таяниб хабар беришича, бу ҳолат жорий йил бошидан бери қайд этилган 18-ўз жонига қасд қилиш ҳолати ҳисобланади.
Исроил армияси матбуот хизмати маълумотига кўра, ҳарбий полиция элита Голани бригадасида хизмат қилган аскарнинг ўлими юзасидан тергов бошлаган.
Сўнгги ойларда Исроил қўшинлари сафида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайгани ҳақидаги хабарлар маҳаллий ОАВда кенг муҳокама қилиниб, жамоатчилик норозилигига сабаб бўлмоқда.
Бироқ армия расмийлари бу масалада изоҳ беришдан қочиб, расмий статистикани эълон қилмаяптилар.
Аввалроқ қўмондонлик оғир эмоционал ҳолат ва руҳий қийинчиликка дучор бўлган аскарларни қўллаб-қувватлаш дастурини йўлга қўйган эди. ERAN эҳсосий ёрдам хизмати маълумотларига кўра, фақат июн ойидагина 6000 дан ортиқ аскар мутахассислар маслаҳати ва ёрдамига мурожаат қилган.
17 июл куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида армия вакили Эффи Дефрин бу мавзуда шундай деган эди:
“Ҳар бир бундай воқеа диққат билан ўрганилади ва текширилади”.
Бироқ у 2025 йилда қайд этилган аниқ ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари сони ҳақида маълумот бермади.