Испания кўҳна қитъадаги Европа Иттифоқи таркибида бўлмаган, масалан Буюк Британия каби давлатлардан келган норезидентлар сотиб оладиган мулкка 100 фоизгача солиқ солишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Бош вазир Педро Санчес ушбу муҳим чора мамлакатда уй-жой билан боғлиқ фавқулодда вазиятни енгиллаштириш учун зарурлигини айтди.
– Ғарб бой мулкдорлар ва камбағал ижарачиларга бўлинган жамиятга айланмаслиги учун ҳозирданоқ бу муаммони бартараф этиш керак, – деди мулозим. – ЕИ аъзоси бўлмаган давлатлар фуқаролари 2023 йил яшаш эмас, балки мўмай даромад олиш учун Испанияда 27 000 кўчмас мулк сотиб олган. Уй-жой танқислиги шароитида биз бунга йўл қўймаслигимиз аниқ. Яъни, мазкур ташаббус “мавжуд хонадонлар билан аҳоли эҳтиёжини қондиришга устувор аҳамият бериш” мақсадида ишлаб чиқилган.