Испания терма жамоаси халқаро футболда янги рекорд қайд этди.
Луис де ла Фуэнте шогирдлари Миллатлар лигаси доирасида Хорватияни 4:1 ҳисобида мағлуб этиб, мағлубиятсиз сериясини 40 та учрашувга етказди.
Севильядаги "Рамон Санчес Писхуан" стадионида ўтган мазкур баҳсдан кейин "Қизил фурия" расмий учрашувларда кетма-кет мағлуб бўлмаслик бўйича ўз рекордини яна яхшилади.
Испания расмий турнирларда охирги марта 2023 йил март ойида асосий вақтда мағлуб бўлган. Ўшанда Евро-2024 саралаши доирасида Шотландия 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган эди.
Умуман олганда эса испанияликларнинг асосий вақтдаги сўнгги мағлубияти 2024 йил мартда Колумбияга қарши ўртоқлик учрашувида қайд этилган — 0:1.
Аввал жаҳон рекорди Италияга тегишли эди. "Скуадра адзурра" 2018 йил сентябридан 2021 йил октябригача 37 та ўйин давомида мағлубият нималигини билмаган.
Испания 2025 йилги Миллатлар лигаси финалида Португалияга пенальтилар сериясида 3:5 ҳисобида имкониятни бой берган бўлса-да, асосий вақт 2:2 ҳисобида якунлангани сабаб бу натижа серияга мағлубият сифатида киритилмаган.