Бугун 26 июль, 2025 йил, шанба

O'ZB

Исломнинг буюк аёллари...

A A A
Исломнинг буюк аёллари...

“Роббинг исми билан ўқи” (Алақ сураси, 1-оят) ояти Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга илк нозил бўлганида у Зот шундай таъсирландиларки, қандай қилиб бир етим ҳолида ўсган, саводсиз, саҳройи араб бирор нарсани ўқиши мумкинлигига ақллари бовар қилмасди.

Бундай вазиятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни биринчи бўлиб тинчлантирган, қалбларига оро кирган, қийинчилик дақиқаларида қалбларини хотиржам қилган, у Зотга имон келтирган инсон рафиқалари Хадича розияллоҳу анҳо бўлдилар. Бу аёл олий насабли, оқила, фозила, ишбилармон, тадбиркор, Қурайш аёлларининг саййидаси ҳисобланар, аёллар ичида Тоҳира деган номни олган эдилар. Айнан у ваҳий кела бошлаган илк даврда, ислом вужудга келишининг энг оғир йилларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга энг асосий елкадош бўлдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч йил давомида Аллоҳнинг буйруғи билан ўз оилалари ва яқинларини тавҳид динига чорладилар. Сўнг оилаларини тўплаб, Хошим ва Абдулмутталиб уруғларини рисолатга имон келтиришга чақирдилар. Бу чақириқлари давомида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аббос ибн Абдулмутталлибга: “Қиёмат куни мен сени қутқара олмайман”, дедилар. Аммалари София бинти Абдулмутталиб ҳамда қизлари Фотима розияллоҳу анҳоларга ҳам шундай сўзлар билан мурожаат қилдилар. Мурожаатлари давомида, жумладан: «Бу дунёда сиз мендан истаган нарсангизни сўрашингиз мумкин, аммо охират дунёсида, қиёмат куни мен сизга фойда бера олмайман», дедилар.

Иккинчи Ақаба байъати маълум бир сиёсий ва стратегик мажбуриятлардан иборат битим эди. Унда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эркаклар қатори, аёллардан ҳам байъат қабул қилдилар. У Зот аёлларни фақат уй ишлари, оила ташвишлари билан чекланиб қолмасдан, жамият ҳаётида ҳам ўзига хос равишда иштирок этишга рағбатлантиришга интилар эдилар.

Ислом манбаларининг сақланиб қолишида муслималарнинг ўрни

Қуръоннинг, яъни Мусҳафнинг илк сақловчиларидан бири аёл киши – ҳазрати Умарнинг қизлари Ҳафса розияллоҳу анҳо эдилар. Мусулмонларнинг муқаддас Китобини сақлаш вазифаси аёл кишига топширилганлиги ўзида жуда кўп нарсани ифода этади.

Имом Ҳоким Нишопурийнинг таъкидлашича: “Динимизнинг тўртдан бири Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини етказган муслима опа-сингилларимизга боғлиқ. Агар бу ровийлар бўлмаганда, динимизнинг тўртдан бирини йўқотган бўлар эдик”.

Масалан, Абу Ҳанифа «Пешин намозидан аввал 4 ракаат нафл (суннат) намози бор», деса, бошқа имомлар фақат 2 ракаатлик суннат намозини таъкидлайдилар. Имомлар Шофеий, Молик ва Аҳмадлар Абдуллоҳ ибн Умарларнинг ривоятига таянсалар, Абу Ҳанифа Умму Ҳабиба ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа аёллари розияллоҳу анҳолардан ривоят қилинган ҳадисларга таянади.

Умму Дардо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буюк саҳобияларидан бўлиб, Димашқ ва Қуддусда дарс берарди. Унинг дарсларига имомлар, фақиҳлар ва ҳадисшунослар қатнашарди. Испаниядан Ҳиндистонгача бўлган ерларни ўз ичига олган катта империяни бошқарган забардаст ҳукмдор Абдулмалик ибн Марвон ўз даврининг энг йирик уламоси бўлган Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу томонидан устоз сифатида эътирофга сазовор бўлган эди. Абдуллоҳ кекса ёшга етганида, одамлар ундан: «Сиздан кейин илмни кимдан оламиз», деб сўрашди. Ибн Умар: «Марвоннинг ўғли бор, Абдулмалик. У – фақиҳ. Шунинг учун ундан илм талаб қилинг», деб жавоб берди. Шу тариқа Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Абдулмалик ибн Марвонни олим сифатида эътироф этди. Бироқ Абдулмалик ибн Марвон Умму Дардонинг дарсларига қатнар ва буни ўзи учун ор деб билмасди. Ушбуларга ўхшаш мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Демак ислом ривожида аёлларни ҳам хизматлари катта бўлганини инобатга олиб аёл-қизларимиз ҳозирги кунда ҳам илм олишга рағбат қилмоқлари лозим ва лобуддир. Ушбу шарафли илм йўлида аёл-қизларимизга шароит ва имконият қилиб бериш ҳурматли оталаримиз ва акаларимизга катта масъулият юклайди. Акс ҳолда илмсизлик жаҳолати келажак авлодларга ўз таъсирни ўтказаверади.

Ибодулла ЯНДАШЕВ,
Чуст тумани “Тоймас” жоме масжиди имом-хатиби

Киритилди: 09:26 07.03.2020. Ўқилди: 16867 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!