Ислом динининг жамиятимиздаги мавжуд шароитларни ҳисобга олган ҳолда аёлларга нисбатан тутган позицияси қандай?
Мен аввало сўрамоқчиман: Ислом дунёсида аёлларга Ислом таълимотига кўра муносабатда бўлинганми? Менимча, бундайин муносабат жуда ҳам камдан кам ҳолатда бўлган...
Имом Ҳоким "Мустадрак" ида Ислом дунёси минг йилдан бери у ила ҳукм қилаётган мавзу-ёлғон ҳадис ривоят қилган. Ушбу ҳадис қуйидагича келтирилган: "Аёлларга ёзишни ўргатманглар, хоналарида маскан тутдирманглар...". Яъни, агар уй бир неча қаватлардан иборат бўлса, аёлларни тепа қаватга жойлаштириш ножоиз. Уларга ер усти ёки имкон бўлса ер ости ҳам бўлаверади.
Ушбу ёлғон ҳадисга амал қилиниши сабабли ўтган асрларда қиз болалар учун қишлоқлар ёки шаҳарларда мактаблар очилмади ва аёлларга таълим бериш ортиқча, балки тақиқланган манфур масалага айланиб қолди !!
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Аллоҳнинг чўриларини Аллоҳнинг масжидларидан ман этманглар", бошқа ривоятда: «Аёлларга кечалари масжидларга киришларига изн беринглар», дея айтганларини ривоят қилди.
Шунда у кишининг ўғли набавий кўрсатмаларга қарши чиқиб: "Аллоҳга қасамки, ман этамиз", деди. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ўғлининг кўкрагига бир урди ва унга ғазаб билан: "Мен: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай айтдилар десам, сен бундай қилмаймиз деяпсанми?!", деди. Сўнгра эса умри охиригача у билан яхши муомала қилмади.
(Муслим ривояти).
(Аслида у кишининг ўғиллари бўлмиш Билол аёллар Набий алайҳиссаломдан сўнг зебу- зийнатга берилиб кетганидан фитна бўлмасин деб шундай айтган эди. Аммо, отаси буни ҳадисга беҳурматлик ўлароқ қабул қилди.
Шунингдек, аёллар сатри авратга бепарволиклари, зебу-зийнатга ҳирс қўйганлари боис ҳанафий уламолар аёлларни масжиддан ман этганлар. Лекин, қари аёлларга баъзи шартлар билан баъзи намозлар учун масжидга чиқишлари жоиз деб айтишган).
Ғаройиби шундаки, Ислом оламида гарчи саҳиҳ ҳадис бўлса-да Ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳадисига эътибор берилмай, у кишининг (ўша воқеада) одоби яхши бўлмаган ўғли фикрига эргашилди.
Аёлларнинг масжидларга боришига умуман тақиқ қўйилди...
Узоқ йиллик изтиробли интилишлардан сўнг, аёлларнинг масжидда намоз ўқишлари учун қўйилган тақиқнинг 10% дан камроғини олиб ташлаш насиб қилди. Аммо, ҳайҳот-ки ҳали ҳам кўплаб шаҳар ва қишлоқлар масжидлари аёллар учун ёпиқ...
Мен Бирлашган Араб Амирликларида «Ал-Иттиҳод» газетаси томонидан ушбу масалага оид тарзда нашр этилган мақолага доир бир мажлисда қатнашдим. Устоз Мустафо Ширдий: Биз сешанба куни кечқурун Саъд ибн Абу Ваққас масжидида бўламиз, деб хабар бергач, маърузачи нутқини тугатди ва ўзаро мулоқат бошланди.
Аёллар жойлашган махсус бўлимдан савол тушди. Савол берувчининг сўзларига кўра, у бир неча аёллари бўлган эркак билан турмуш қурган ва отаси ёлғиз ўзи яшаб, ғамхўрликка муҳтож бўлишига қарамай, эри унга отасининг зиёрат қилишига ва вақти-вақти билан унга ғамхўрлик қилишга рухсат бермас экан.
Ушбу аёл эрига қарши чиқиб, отасига ғамхўрлик қилсинми ёки эрига итоат этиб отасига ғамхўрлик қилмасинми?
Савол ҳаммани ўйга толдириб, жим бўлиб қолишди. Барчанинг эътибори маърузачи нима жавоб беришида эди. Зотан, маърузачи фазилатли олим бўлиб, ушбу савол кўплаб қалблар торларини чертгани аниқ ва маърузачи қандай жавоб беришига жуда ҳам диққат билан қараб туришар эди.
Маърузачи Аллоҳга ҳамд айтиб, У Зотнинг Расулига салот-у салом йўллади. Кейин эса садоқат тўғрисида гапирди. Хотиннинг эрга итоат этиши, Ислом динида оиланинг фаровонлиги ва жамият хавфсизлиги йўлидаги ушбу мажбуриятни бажариш ва унга риоя қилиш қандай таъкидлаганлигини айтиб ўтди.
Сўнгра, аёлдан эрини ўз отасига ғамхўрлик қилишига имкон бериши учун қатъий саъй-ҳаракатларини икки баравар ошириши лозимлигини айтди. Агар эр ўз айтганида қаттиқ туриб олса, унда унга итоат этмай, отасига ғамхўрлик қилиши мумкин эканини сўзлади.
Чунки, отага қизидан бошқа қаровчи йўқ бўлиб, эрнинг эса унга аёллик хизматини бажарувчи бошқа аёллари ҳам бор. Ота-онани ҳурмат қилиш тўғрисидаги Қуръон ҳукми эса аниқ ва равшандир.
Маърузачи жавобини тугатгач залда шивир-шивир кучайиб кетди...
Мажлис қатнашчилари орасида бир нечта турмуш қурганлар кўп бўлиб, шубҳасиз, улар маърузачининг жавобидан қониқишмади. Улар бу жавобда мантиқ ва ақлга зид тарзда, аёллар эрининг буйруғига бўйсунмасликларига даъват бор дея билишди. Мажлис иштирокчиларининг бир гуруҳи эса бу жавобдан асабийлаша бошлашди. Улар: "Маърузачининг бу фикри Ислом таълимотига зиддир. У бу жавобидан қайтиши шарт. Чунки эрга бўйсуниш, ундан бошқа барча масалалардан олдин лозим бўлади", деб айтишар эди.
Муҳими шундаки, биз масжиддан чиқдик ва ушбу саволнинг жавоби ҳақидаги турли фикрлар орасида савол ўз ҳолича қолаверди!
Шайх муфтийдан фатвосини ўзгартириши ва отаси вафот этган тақдирда ҳам аёлни уйдан чиқармаслик тўғрисида ҳукм чиқариши талаб қилинди! Ушбу талабга эса отаси вафот этганида ҳам эри сафардалиги боис уйидан чиқмаган аёлдан Аллоҳ рози бўлганлиги ҳақидаги ҳадисни далил қилинди. (бизда жуда машҳур ривоят).
Мен: Бу ёлғон ҳадис-ку, дедим! Ислом номидан бир аёлни отасига оқ бўлиш, силаи раҳмни узиш ва гарчи отаси вафот қилган бўлса-да эри рози бўлмагани учун бормаслигини талаб қилиш ўта ғаройиб иш-ку!
Бу бечора аёл қариндошлик риштасини йўқотган чоғида унинг учун бу оилавий уйда инсоний қадриятлардан нима қолар экан?
Ушбу муштипар аёл унга амр ва қаҳр қиладиган айғир (эр) қўл остидаги мулк бўла олади халос...
Қишлоқдаги аёлларнинг аксарияти қонуний меросидан маҳрум бўлишиб, мерос фақат эркаклар ўртасида тақсимланади. Меросга эга бўлиб олган эркаклар: "Қандай қилиб бегона одамни отамизнинг ери (мероси) га эга бўлишига йўл қўямиз? (яъни, хотини олган мерос улушига эр эгалик қилиб олиши назарда тутиляпти).
Агар опа-сингил ўзининг қонуний мерос улушини сўрайдиган бўлса, акалари сингилдан бир умрга узилиб ҳам кетишади.
Ва шарафли оилаларда ажойиб анъаналар мавжуд - яъни Пайғамбар алайҳиссаломнинг аҳли байтларига мансублигини даъво қиладиган оилаларда агар аёл эрига куфв (тенглик) да баробар бўлмаса жуда ҳам ваҳшатли ҳолатда вафот этади. Аммо шу шарафли оилага оид эркаклар эса инглиз ва америкаликларга уйланиш ҳуқуқига эга.
Кўриниб турибдики, Сем амаки ёки Жон тоғанинг қизлари у кимсанинг шарафига мос келадиган шарафга эга экан. Шарафли қон билан тақдирланган аёлларига келсак, улар ҳаёти давомида ўлимдан бошқа нарсага эга бўлишмайди.
Имом Бухорий Рабиъ бинт Муавваз розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: "Биз Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ғазот қилар, уришаётган қавмга сув берар, хизмат қилар, ярадорлар ва ўликларни Мадинага қайтариб олиб борар эдик...".
Афтидан, бу анъана жуда қисқа муддатли бўлиб, уруш ва тинчлик кунларида ҳам яширинган эди. (жуда кўпчилик буни билишмайди ёки эътибор беришмайди).
Ислом дунёсидаги касалхоналар бугунги кунда хорижий ҳамшираларга узвий боғлиқ бўлиб, агар аёллар масжидларга боришдан тақиқлаган бўлса, уларга (юқорида айтилган) жанг майдонларига боришга ваколат берилар эдими?!
Мен Ғарб цивилизациясининг хусусиятларини бизнинг жамиятимизга таъсир ўтказишини тушунишни ҳам истамайман, чунки, бу цивилизация яхши анъаналар билан бирга ёмон урф-одатларни бирлаштиради.
Аксинча, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг биринчи салафлари ҳаётининг таржимаи ҳолидан ёзма ёки тушунарли матнларни амалга оширмоқчиман ва бу йўл хаёлот ва бузуқлик қилина олмайдиган йўлдир.
Аёллар масаласига келсак, мен улар ҳақида тўқилган ҳадислар, мўлжалланган мақсад билан ўзгартирилган заиф ҳадисларни ва уларнинг мавқеи (асл мақсади) дан чалғитилган саҳиҳ ҳадисларни кўрдим...
Баъзи фақиҳлар наздида аёлнинг уйидаги ибодати унинг Масжидул Ҳаром ёки Масжидун Набавийдаги намозидан афзал эканини ўқиб ҳайронлар қолдим!
Ва мен: Агар ростдан ҳам шундай бўлган бўлса, нега Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз масжидларида аёлларнинг сафларини ташкил қилдилар? Нега у зот алайҳиссалом улар учун махсус эшик ясатдилар? Нима учун уларга бу эшикдан бориб, илм ўргатдилар ва садақа беришга ундадилар? Нега «баъзилар»ни аёлларнинг сафларига яқин бўлишларидан ҳазир бўлиш ила огоҳлантирдилар?
Воқеълик шуки, агар фарзандларини боқиш ёки тарбиялаш масъулияти аёлнинг зиммасига юкланган бўлса, аёлнинг ўз уйида намоз ўқиши мақсадга мувофиқроқдир. Лекин, агар у бу вазифаларни бирон бир сабаб билан енгиллатса, ҳеч бир киши аёлни кеча-ю кундуз масжидга боришига тўсқинлик қила олмайди.
Яъни, жамоат намозига бориш аёлларга эркаклар каби суннати муаккада эмас. Аммо ушбу нарсалар ила аёлнинг амалий ва ибодат ҳаётини ўликдек қамалга олиниб, худди Ислом дунёсидаги ижтимоий шароит тугагани каби, аёлларни дунёда ёки динда ўрни бўлмаган ҳайвонга айлантирилди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка шаҳрини фатҳ этганларида, аёллар у зотга байъат қилиш учун чиқиб, у зотдан Ислом таълимотларини ўргандилар ва улар бу мақсадда ўз уйларида қамалиб ўтирмадилар. Яъни, у вақтда аёлнинг жамоат ҳаёти билан алоқаси мавжуд эди ва амалда у эркакнинг муносабатлари билан баробар бўлган. Лекин бу чегарадан сира ҳам ошмаган...
Макка фатҳидан аввал кўплаб аёллар Исломни қабул қилдилар. Улар кофир эрлари билан қолишдан бош тортдилар, шунинг учун улар Мадинага ҳижрат қилишга қарор қилдилар...
Бу нарса мусулмонлар Маккадан ўз динини сақлаш учун қочиб, ўзларига қўшилган ҳар бир кишини мушрикларга қайтариб беришга мажбур бўлган Худайбийя шартномасини амалга оширилган вақтда бўлган.
Сўнгра аёлларни бу ҳукмдан узоқлаштирган Қуръон оятлари нозил қилинди.
Аллоҳ толо марҳамат қилади:
«Эй, иймон келтирганлар! Агар сизларга мўминалар ҳижрат қилиб келсалар, уларни имтиҳон қилиб кўринглар. Аллоҳ уларнинг иймонини билгувчидир. Бас, мўминаликларини билсангиз, уларни кофирларга қайтариб юборманг».
(Мумтаҳана, 10).
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ўша синовли вақтларда муҳожир аёлларга қасам ичирганлиги ҳақида хабар берилган. Аёллар бу тарзда қасам ичишар эди: «Аллоҳ ҳаққи, мен бир ердан бошқа ерга кўчиш рағбатида эмасман! Аллоҳ ҳаққи, мен эримни ёмон кўриш сабабли бу ерга келганим йўқ! Аллоҳ ҳаққи, мен дунё моли истагида чиқмадим! Аллоҳ ҳаққи, мен Аллоҳ ва Унинг Расулига бўлган муҳаббатим сабабли бу ерга келдим!!! ».
Ушбу ўринда сиз нимани кўраяпсиз? Мустақил, одамларга ҳурматли, ҳақиқат учун курашадиган, тинчликсевар, виждони ва тафаккурига биноан яшайдиган одамни кўрмаяпсизми?
Сўнгги асрларда мусулмон аёллар ичидаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккада эканларида у зотга қатъий ишонган ва Мадинага у зот сари ҳижрат қилган аёллар кабилар қаерда қолди? Қани улар?!
Китоб, иймон, намоз ёки умумий маданиятни билмайдиган, аммо унинг учун исмини билиш ҳам шармандали деб ҳисобланадиган аёллар қолдими?!
Чунки, ҳозирдаги бечора аёлларнинг овқат тайёрлаш ва эрини рози қилишдан бошқа вазифаси қолмаган !
Шайх Муҳаммад Ғазолий раҳимаҳуллоҳ.
"Ислом ҳақида юз савол" китоби.