Бугун 23 декабрь, 2024 йил, душанба

O'ZB

ИСКАНДАР МАКЕДОНСКИЙ ВА ЗУЛҚАРНАЙН БИР ШАХСМИ?

ИСКАНДАР МАКЕДОНСКИЙ ВА ЗУЛҚАРНАЙН БИР ШАХСМИ?

САВОЛ:
Искандар  Македонский ва Искандар Зулқарнайн бир шахсми ва Қуръони Каримдаги Зулқарнайн бу исмларга дахлдорми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат.

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Зулқарнайн қиссаси ҳақида Қуръони Каримда Каҳф сурасида бир қанча қимматли маълумотлар келган. Ана ўша энг ишончли ва етарли маълумотлардир. Мазкур қиссадан маълум бўлишича, Зулқарнайн мўмин, мухлис банда бўлган. Ҳатто баъзи уламолар у пайғамбар бўлган деган эҳтимолларни ҳам айтганлар. Зулқарнайннинг шахси, қаерда ва қачон яшагани, борган жойлари, қилган ишлари ҳақида жуда кўп гаплар бор. Турли-туман фикрлар, фаразлар ва тахминлар ҳам кўп. Улардан айримлари тафсир китобларимизда ҳам келтирилган. Бу гапсўзлар қиссачи ва тарихчи одамларнинг изланиб, ўрганиб топган маълумотларидир. Уларни ҳеч ким айнан Қуръонда зикр этилган Зулқарнайн ҳақида деб узил-кесил айтолмайди. Айтса ҳам, асоссиз, тахмин билан айтган бўлади. Мисол учун, баъзилар: "Қиссадаги Зулқарнайндан мурод македониялик Искандар", дейишган. Бу гап умуман нотўғри, чунки у мушрик одам бўлган, бутларга, юлдузларга сиғинган. Македониялик Искандарнинг номи Александр Македонский бўлиб, тахминан милоддан 330 йил олдин ўтган ва Арастунинг шогирди бўлган. Дунёнинг кўп ерларини ишғол қилган. Форсда уруш олиб борган подшоҳ Дорони енгиб, унинг қизига уйланган ва ҳоказо. Имом Шавконий ушбу маълумотларга хулоса ясаб, Александр Македонский Қуръони Каримдаги Зулқарнайн, деган гапга раддия беради: "Бу жуда ҳам мушкул! Чунки у кофир бўлган. Арастунинг шогирди бўлган. Кўриниб турибдики, Зулқарнайн солиҳ банда бўлган. Аллоҳ унга кенг мулкни берган ва бунга Қуръон ишора қилган". Зулқарнайн Мағриб ва Машриқнинг чекка жойларигача борган, Яъжуж ва Маъжуж қавмига йўлиқиб, уларни тўғон билан тўсиб қўйган. Александр Македонскийнинг мазкур нарсаларнинг бирортасига муяссар бўлгани тарихда маълум эмас. "Зулқарнайннинг Александр Македонский билан чалкаштирилишига асосий сабаб, арабларнинг Александрни арабчалаштириб Искандар деб аташлари бўлган", дейишади баъзи мутахассислар. Абу Райҳон Беруний ўзининг "Ал-Осор ал-Боқия анил қурунил холия" номли китобида Зулқарнайн Ямандаги Ҳумайр давлати подшоҳларидан бири Абу Бакр ибн Ифриқиш эканини таъкидлайди. Нима бўлганда ҳам, македониялик Александр Аллоҳнинг ягоналигига ишонган мўмин эмаслигини, кофир бўлганини ҳеч ким рад қила олмайди. Қуръондаги Зулқарнайн эса мўмин, солиҳ одамдир. Шунинг учун турли тахминий гапларни бир томонга қўйиб, Аллоҳнинг Каломидаги маълумотларгагина суянишга, қиссадан кўзланган мақсадни англаб, ундан фойдаланишга ўтганимиз маъқул. Валлоҳу аълам.

Киритилди: 21:36 06.03.2021. Ўқилди: 10583 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!