Бугун 27 октябрь, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Ис гази — кўринмас хавф: ўзингизни ва яқинларингизни ҳимоя қилинг!

Ис гази — кўринмас хавф: ўзингизни ва яқинларингизни ҳимоя қилинг!

Ис гази (углерод оксиди — CO) — рангсиз, ҳидсиз ва таъмсиз заҳарли газ. Уни инсон сезги органлари орқали аниқлай олмайди. Шу боис газдан заҳарланиш хавфи кўпинча кеч пайқалади. Ис гази ёқилғининг тўлиқ ёнмаслиги натижасида ҳосил бўлади. Носоз газ жиҳозлари, иситиш печлари, дудбурон ва мўриларнинг нотўғри ишлаши, шунингдек, автомобиль двигатели ёки кўчма генераторни ёпиқ жойда ишлатиш заҳарланишга сабаб бўлиши мумкин.

Заҳарланишнинг дастлабки аломатларига бефарқ бўлманг!

Бош оғриғи, бош айланиши, ҳолсизлик, кўнгил айниши, қусиш, нафас қисиши ва кўкрак соҳасидаги оғриқ ис газидан заҳарланиш белгиси бўлиши мумкин. Оғир ҳолатларда ҳушдан кетиш, онгнинг чалкашиши ва тиришиш кузатилади. Бундай аломатлар пайдо бўлса, уларни оддий чарчоқ ёки шамоллаш билан адаштирманг.

📌 Заҳарланишнинг олдини олиш учун:

🔷 Иситиш мавсуми бошланишидан аввал газ жиҳозлари, иситиш ускуналари, сув иситкичлар, мўри ва дудбуронларни мутахассисларга текширтиринг.

🔷 Хонадаги ҳаво алмашинуви ва шамоллатиш тизимининг созлигини таъминланг. Мўри ва вентиляция йўлларини беркитиб қўйманг.

🔷 Кўчма генератор, барбекю ва кўмир ёқиладиган мосламалардан уй, гараж ёки бошқа ёпиқ жойларда фойдаланманг. Автомобиль двигателини ёпиқ гаражда ишлаб турган ҳолда қолдирманг.

🔷 Газ плитаси ёки духовкадан хонани иситиш мақсадида фойдаланманг.

🔷 Имкон қадар уйга, айниқса, ётоқхоналар яқинига ис газини аниқловчи махсус сигнализаторлар ўрнатинг ва уларнинг созлигини мунтазам текшириб туринг.

❓ Ис газидан заҳарланиш гумон қилинса, нима қилиш керак?

✔️ Дарҳол барча одамларни, жумладан, болалар ва кексаларни хавфли ҳудуддан ташқарига — тоза ҳавога олиб чиқинг.

✔️ Зудлик билан 103 ёки 112 рақамига қўнғироқ қилиб, тез тиббий ёрдам чақиринг.

✔️ Жабрланган шахсни шифокор кўригидан ўтказинг. Аломатлар енгиллашган тақдирда ҳам тиббий ёрдамни кечиктирманг.

✔️ Мутахассислар бино хавфсизлигини тасдиқламагунича ичкарига қайтманг.

❗️Унутманг: ис газининг ҳиди йўқ, аммо хавфи жуда катта. Эҳтиёт чораларига риоя қилиш — ўзингиз ва яқинларингиз ҳаётини асрашнинг муҳим шарти!

Киритилди: 11:29 26.10.2026. Ўқилди: 545 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!