Бугун 25 апрель, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Интернетдаги ошиқ-маъшуқлар фожиаси: йигит ўзи қазиган чоҳга ўзи тушди

Интернетдаги ошиқ-маъшуқлар фожиаси: йигит ўзи қазиган чоҳга ўзи тушди

ТАЛАБ

– 15 миллионни 3 кунда келтирмасанг, менга юборган сурат, ёзишма, овозли ва видео хабарларингни интернетга қўйиб шарманда қивораман, қариндошларингга тарқатвораман! Аҳду паймон қилган йигити Рашиддан бу гапни эшитган Баҳора дастлаб қулоқларига ишонмади (исм-шарифлар ўзгартирилган). Кўзларини катта-катта очиб, савол назари билан қаради:

– А?

– Ҳа, интернетга қўйвораман.

– Ахир, биз турмуш…

– Қанақа турмуш? – қизнинг сўзини шарт кесди Рашид. – Ман аҳмоқманми сенга уйланиб, ким билади яна кимларга расмларингни юборгансан?

– Мен фақат сизга… яхши кўрганим учун, айтганингизни қилиш учун юборгандим. Бошқа ҳеч ким билан гаплашмаганман.

– Хуллас, гап шу – ё айтилган вақтда пулни келтириб берасан, ё сени ҳаммаёққа овоза қиламан!

– Ҳеч қаерда ишламасам, пулни қаердан топаман? – Ана, Россияда ишлаётган онангга айт, шаънинг керак бўлса, юборади. Хайр… Совуқда шундоғам дилдираб ўтирган Баҳора музлади қолди. Энди нима бўлади?..

ВИРТУАЛ ТАНИШУВ

Ҳа, уларнинг танишуви мана шундай бошланганди. Аввал “Одноклассники”да дўстлашишди, салом-аликлар бўлди, сўнг телефон рақамлар алмашилди. Энди телеграм орқали меҳр-муҳаббат кўрсатилар, изҳорлардан иборат суҳбатлар тонготаргача давом этарди. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, икки ёш бирор марта юзма-юз кўришмаган бўлса-да, кўп йиллик қадрдонлардек эди. Рашид бисотидаги бор сўзлар билан қизни сийлар, Баҳора эса орзусидагидек ширинсўз ёр топганидан боши осмонда эди. У билан бирор дақиқа суҳбатлашмаса, ўзини сувсиз қолган балиқдек ҳис қилар эди. Буни сезган Рашид ҳам уни аста-секин ўзига бўйсундира бошлади. Изҳорларни ёзишга вақт камлик қилганидан овозли тарзда алмашиладиган бўлишди. Кейинчалик бу ҳам камлик қилди, суратлар улашилди. Ундан кейин… “ошкоралик” суратлари сўралди. Баҳора дастлаб бу таклифни рад этса-да, талабни бажармаса, йигитга ишонмаслик белгиси деб тушуниши ва алоқа узилишини эшитгач, кўнди-қўйди. Рашиднинг айтишича, ҳозирги замонавий ёшлар тўйгача бир-бирлари ҳақида “ҳар томонлама” маълумотга эга бўлишлари керак ва бу ҳолат ўзаро ишончни мустаҳкамлармиш. Хуллас, ошкора суратли мулоқотлар ҳам оддий ҳолга айланибгина қолмай, видеолавҳага уланди. Бўл дегани бўлаверганидан нафси ҳакалак отган Рашидга бу ҳам камлик қилди, ўз мобиль телефонида яна бир телеграм тармоғи очиб, унга Баҳоранинг рақамини киритди. Тегишли компаниядан келган тилсим рақамни киритса бўлди, олам гулистон – қизнинг барча алоқа ёзишмаларини ўқи-и-б ўтиради.

– Баҳора, компаниядан келган кодни айтиб юбор?

– Нима учун?

– Жами ёзишмаларингни кўриб турмасам бўлмайди, сени қизғониб кетаяпман ҳаммадан.

– Истасангиз, қасам ичаман.

– Унда нега юбормаяпсан, айтганимни қилсанг, эртагаёқ кўришамиз, бўлмаса, яхши қол, мени безовта қилма…

Баҳорага усиз ҳаёти ҳозирданоқ зимистон кўриниб кетди, маънисиз кунларга дош беролмаслигини, буни уддалолмаслигини билди. Ўша ондаёқ калит рақамни жўнатди… Шу билан “ишонч” мустаҳкамланди, шекилли, эртасигаёқ дийдорлашишди. Туман марказида кўришишгач, аҳду паймонлар янада қатъийлашди, Рашид дам олиш куни совчи юборишини, баҳорга тўй бўлишини айтди. Илк учрашув тағин ажойиб кунга тўғри келибди – Рашиднинг туғилган кунида. Буни эшитган Баҳора йигитни қўярда-қўймай савдо дўконлари сари бошлади, таваллуд кун соҳиби ҳам “зўрға” рози бўлди, унга қимматбаҳо қўлсоат ва юракчали тақинчоқ ҳадя этди. Навбатдаги учрашувда Рашиднинг юпунлигига раҳми келиб, куртка ва кўйлак олиб берди. Ҳадемай катта ишга ўтса, қизнинг харажатларини қайтаришини айтиб, миннатдорлик билдирди “ошиқ”. Ундан кейингисида телефон аппарати (бузилиб қолганини айтганди) совға қилди. Рашид иш бошлагунча суҳбатлари узилиб қолмаслиги учун пайнет тўловлари ҳам қизнинг ҳисобидан бўлди. Хуллас, Рашид гаҳ деса ҳам, демаса ҳам, Баҳора унинг кафтига қўнар эди. Бу итоаткорлик йигитнинг анчадан бери ўйлаб юрган ҳамда бирин-кетин амалга ошаётган режасининг энг сўнгисини рўёбга чиқариш муддати келганидан далолат берарди. Барча зарур маълумотлар йиғиб бўлинган, шармсиз суратлару ундан кам бўлмаган суҳбатлар, аудио ва видеолавҳалар… Энди арқонни тез тортиб олмаса бўлмайди, вақтни чўзишдан фойда йўқ. Қизни қўрқитиб, ундан яхшигина пул ундира олишига кўзи етди ва юқоридаги қарорини билдирди: “Шарманда бўлишни истамасанг, пулни келтир!”.

ТУЗОҚ ДЕГАНЛАРИ ҲАМ ШУНЧА БЎЛУРМИ ҲАЙ-ҲАЙ?

Маълумот ўрнида айтиш керакки, жабрланувчи ёки унинг яқин кишиларига зўрлик ишлатиш, мулкка шикаст етказиш ёки уни нобуд қилиш ёхуд жабрланувчи учун сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор қилиш билан қўрқитиб ўзгадан мулкни ёки мулкий ҳуқуқни топширишни, мулкий манфаатлар беришни ёхуд мулкий йўсиндаги ҳаракатлар содир этишни талаб қилиш ёхуд жабрланувчини ўз мулки ёки мулкка бўлган ҳуқуқини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўйиш – товламачиликдир (бундай жиноятни содир этиш – уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади, Жиноят кодекси 165-моддаси биринчи банди). Воқеалар ривожига эътибор берган бўлсангиз, Рашиднинг асосий мақсади Баҳорадан мулкий манфаат ундириш бўлган ва бунинг учун босқичма-босқич равишда унинг ишончига ва кўнглига кириб, сир сақланиши лозим бўлган маълумотларини йиққан. Сўнг далилларни ошкор қилиш билан қўрқитиб, қиздан мулкий манфаатлар беришни талаб қилди ва уни бунга мажбурлайдиган шароитга солиб қўйди. Баҳоранинг хатти-ҳаракатларини ҳам оқлашдан йироқмиз, унинг менталитетимизга мос бўлмаган одобсизлиги, кўнгил майлига қуллиги боис шармни бир четга йиғиштириб қўйиши, оиладек муқаддас қўрғонга эгри йўллар орқали кирмоқчи бўлгани асло кечириб бўлмайдиган ҳолат! Ўз вақтида янгаси ҳам уни бу йўлдан қайтармоққа уринган, аммо сўзлари кор қилмаган эди. Бироқ Рашиднинг сўнгги таҳдидидан сўнг руҳий изтиробга тушиб қолган Баҳора минг пушаймонда эканини айтиб, янгасидан мадад сўради. Кундай аёнки, айтилган маблағни бир амаллаб топиб-тутгани билан ҳаммаси якун топмайди, товламачи товламачилигини давом эттираверади. Бунга ҳаётда мисоллар жуда кўп. Берилган муддат – уч кун ичида бирор чора топмаса, хонавайрон бўлади, ҳам молидан, ҳам шаънидан, ундан кейин, керак бўлса, жонидан ҳам айрилиши ҳеч гап эмас. Уйқусиз тунлар ичида янгаси ўйлаб топган режа унинг зимистон кўнглига оз бўлса-да шам ёруғини тутгандек бўлди: “Дастлаб Рашиднинг таҳдидини овозли тарзда ёзиб олиш ва уни асос қилиб ички ишларга ариза бериш керак!” Баҳора дарҳол телефонига овоз ёзиш дастурини ўрнатди ва Рашидга қўнғироқ қилиб, фикридан қайтишини, маълумотларни йўқ қилишни илтимос қилди. Аммо йигитнинг дағдағаси унинг ўзаро келиша олиш умидларини пучга чиқарди: пичинг ва ҳақоратга тўла жавоб (ҳозирча пулнинг камида ярми – 600 АҚШ долларини етказиши шартлиги) қўрқувини ошириши баробарида тегишли органга кечиктирмасдан мурожаат қилиш жоизлигини англатди. Шу ондаёқ туман ички ишлар бўлимига бориб вазият ҳақида хабар берди.

ЧОҲГА ЎЗИ ТУШДИ

Кўп такрорланадиган ибратли мақолимиз бор: “Бировга чоҳ қазима, унга ўзинг тушасан”. Рашид ҳам шундай бўлди. Туман ИИБ жиноят қидирув бўлими ўтказган тезкор тадбир давомида келишилган дорихона ёнида сўралган маблағнинг бир қисми, яъни 600 АҚШ доллари микдоридаги махсус кимёвий ишлов берилган пулларни Баҳорадан олган вақтда Рашид ушланди! Қизнинг фотосуратлари, аудио ва видеоёзувлари сақланаётган мобиль телефони далилий ашё сифатида ҳужжатлаштирилди. Суд ҳукми билан судланувчи Рашид Абдукаримов Жиноят кодексининг 165-моддаси биринчи кисми билан айбли деб топилди ва мазкур модда талаби билан унга 4 йил муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланди. Жазо талабига кирадиган қўшимча чекловларга мувофиқ бу муддатда яшаш жойидан ҳар куни кеч соат 22:00 дан эрталаб соат 07:00 гача чиқмайди, назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш ва иш жойини ўзгартирмайди, алкогол ва спиртли ичимликлар истеъмол қилмайди, кафе, бар ва ресторанларга бормайди. Энг муҳими, интернетдан фойдаланмайди! Унинг хулқи устидан туман ИИО пробация бўлими назорат олиб боради.

АҲВОЛИМИЗ ЁХУД СЎНГСЎЗ ЎРНИДА

Баъзида қисқаликни ҳар қанча истасак-да, судгача бўлган воқеаларни батафсил баён этишга тўғри келади. Айрим ўқувчиларимизда “Суд бўлиб, жазо тайинлангандан кейин энди нима кераги бор, жабрланувчи ҳам айбдор-ку?” каби эътирозлар туғилиши табиий. Биз ҳам буни инкор этмаган ҳолда истардикки, бугунги аҳволимизни яққол кўрсатиб қўйган мазкур жиноий иш ортда қолган бўлса-да, бунақаси бошқа бўлмасин! Ёзганларимизни ўқиган ота-оналар қизларига телефон беришдан олдин обдон ўйлаб кўришсин, бу матоҳ бир куни чўққа айланиб, дилбандларининг нозик қўлларини куйдириб қўйишидан асрасин. Ойпопуклар ҳам ундан фақат зарур бўлсагина фойдалансин, билиб-билмай ижтимоий тармоқларнинг қармоғига тушиб қолмасин. Ана шунда Рашиддек сохта ошиқлар чиркин муродига етолмай қолишади! Бунинг учун биргина йўл кифоя – аҳволимизга яна бир назар ташлайлик.

Ҳабибулла ЧИНИЕВ,
жиноят ишлари бўйича Пастдарғом тумани суди раиси

Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА,
журналист

(Мақолада келтирилган исм-шарифлар ўзгартирилган).

Манба: hudud24.uz

Киритилди: 17:58 14.01.2021. Ўқилди: 8535 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!