Бугун 8 июнь, 2025 йил, якшанба

O'ZB

Инсон қора талоқсиз яшаши мумкинми?!

A A A
Инсон қора талоқсиз яшаши мумкинми?!

Инсон организмидаги ҳар бир аъзонинг ўз вазифаси бор. Масалан, юрак қон айланиш тизимида марказий орган бўлиб, насос каби қонни ҳайдаб беришда қатнашади. Суткасига 150 л қонни фильтрлаш ва қайта суриш вазифаларини бажарувчи буйракларимизнинг организмни тозалашда ўрни беқиёс. Аммо қора талоқ-чи? Бу аъзо танамизнинг қайси қисмида жойлашган, унинг вазифаси нима ва қораталоқсиз ҳам яшаш мумкинми? Бу каби саволларга жавоб олиш учун Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги бош гемотологи, Гемотология ва қон қуйиш илмий тадқиқот институтининг олий тоифали шифокори, тиббиёт фанлари номзоди Казакбаева Ҳамида Муҳаммадовна билан суҳбатлашиш бахтига мушарраф бўлдик.

— Ҳамида Муҳаммадовна, бизга, энг аввало, талоқ қандай аъзо эканлиги, унинг вазифаси ва танамизнинг қайси қисмида жойлашганлиги ҳақида маълумот берсангиз?

— Аслида, “қора жигар” маъносини берувчи қора талоқ қорин бўшлиғида — чап биқиннинг 9 ва 11-қовурғалари соҳасида жойлашган. Қон яратувчи аъзо ҳисобланган талоқ узунчоқ овал шаклида бўлиб, қоннинг биологик фильтри ҳисобланади. Унинг ҳажми ва оғирлиги индивидуал бўлиб, организмнинг физиологик ҳолатига боғлиқ ҳолда жуда ўзгариб туради. Маcалан, тинч ҳолатда талоқ кенгайган, қон йўқотилганда эса сиқиқ бўлади. Унинг вазифаси шундан иборатки, у қондаги бегона элементлар, яъни бактерияларни ҳамда зарарланган, яроқсиз эритроцитларни йўқотади.

— Талоқни олиб ташлашга қандай касалликлар мажбур қилади?

— Энг аввало, баъзи қон касалликлари, масалан, тромбоцитопеник пурпура, айрим наслий гемолитик камқонликда талоқ фаолияти издан чиқади. Бундай вақтда талоқ жарроҳлик усулида олиб ташланади.

— Организмимиздаги ҳар бир аъзонинг ўз вазифаси бор. Лекин шундай аъзолар ҳам борки, уларни тамоман олиб ташласа ҳам инсон яшашда давом этаверади, масалан, кўричак ёки ўт қопи органлари бунга мисол бўла олади. Хўш, қора талоқсиз ҳам инсон яшаши мумкинми?

— Талоқда ва унда учрайдиган айрим касалликлар ҳақида ҳар биримиз етарлича маълумотга эга бўлганимиз маъқул. Масалан, бола талоқсиз туғилиши, баъзиларда эса иккита ва ундан ортиқ талоқ бўлиши мумкин.

Талоқсиз дунёга келган ёки айрим сабабларга кўра талоғи олиб ташланган одамлар (айниқса, кичкина болалар) организми кўплаб бактериал инфекцияларга сезгир бўлишади. Танадаги бошқа аъзолар каби талоқ ҳам кўпинча касалликка чалинади. Аммо талоқни олиб ташлади дегани ҳаёт тугади дегани эмас. Талоқи йўқ бемор ҳам бошқа одамлар каби яшаши, уйланиши, фарзандлар кўриши мумкин. Аммо талоғи олиб ташланган кишининг иммун тизими соғлом одамники каби фаол бўлмайди. Камқонлик ҳолатлари кузатилади. Бироқ қора талоқнинг вазифасини бажаришни жигар, суяк кўмиги ва лимфа безлари ўз зиммасига олади.

— Қора талоқнинг вазифасини ўз зиммасига олган жигар босим билан ишласа, ўзининг умумий ҳолатига салбий таъсир қилмайдими?

— Йўқ, асло, чунки жигар организмдаги энг тикланувчан орган ҳисобланади. Жигар моддалар алмашинувида ҳосил бўладиган ёки ташқаридан кирган заҳарли моддаларни зарарсизлантириб, ҳимоя вазифасини бажаради. Қон орқали жигарга келадиган моддалардан баъзилари организм учун зарарли бўлиши мумкин. Шу моддаларни зарарсизлантириш, қисман ўт билан чиқариб юбориш жигарнинг вазифасидир.

— Талоқ касалликлари бемор бошидан ўтказган бошқа бир касалликнинг оқибатида ҳам келиб чиқиши мумкинми?

— Бундай ҳолатлар жуда кўп кузатилади. Масалан, талоқ инфаркти эмболия ёки талоқ томирлари тромбози оқибатида келиб чиқади. Талоқ инфаркти геморрагик ёки ишемик, бир ўчоқли ёки кўп ўчоқли бўлиши мумкин. Одатда, талоқдаги инфаркт ўчоқлари майда бўлади. Талоқ инфаркти кўпинча бактериал ва септикендокардитда, қон-томир касалликларида, митрал стенозда, жароҳат ва юқумли касалликлардан сўнг кузатилади.

Кичик инфарктларда талоқнинг зарарланган қисми аста-секин сўрилиб кетиб, чандиқланади. Лекин инфаркт соҳаси юмшаб, у ерда сохта киста пайдо бўлиши ҳам мумкин. Кичик инфарктлар, одатда, ҳеч бир белгисиз ўтади.

— Талоқда инфаркт юз берса, беморда қандай клиник белгилар кузатилади?

— Талоқда катта инфаркт бўлганида чап қовурға ости соҳасида кутилмаганда оғриқ пайдо бўлади, тана ҳарорати 39 даражагача кўтарилади, кўнгил айнийди, ичак парҳези кузатилади. Инфаркт йиринглаганда абсцессга хос белгилар юзага чиқади.

— Талоқ инфаркти ҳам жарроҳлик йўли билан бартараф этиладими?

— Талоқ инфаркти консерватив (дори-дармон) йўл билан даволанади. Бемор ўринда ётиши керак. Унга антибиотиклар, яллиғланишга қарши ва оғриқ қолдирувчи дорилар буюрилади. Инфаркт йиринглаб, абсцесс юзага келганида спленектомия бажарилади, яъни талоқ жарроҳлик йўли билан олиб ташланади.

— Талоқнинг катталашиши деганда нимани тушуниш мумкин?

— Тиббиётда бу ҳолат спленомегалия деб аталади. Спленомегалия – талоқ ҳажмининг катталашиши. Талоқ ҳажми катталашишига цирроз, жигар ўсмалари, сурункали ва ўткир инфекциялар, талоқда, умуман бутун организмда қон айланишининг бузилиши, лейкоз, камқонлик ва турли гематологик касалликлари, гранулематоз касалликларни сабаб сифатида кўрсатиш мумкин. Спленомегалия чап томон қовурға остида оғриқ, ич қотиши, қорин дам бўлиши, иштаҳа бўлмаслиги, жиғилдон қайнаши каби белгилар билан беморда намоён бўлади.

Талоқ ҳажми катталашиши унинг қонни тортиш хусусиятини ҳам оширади. Қондан кўп миқдорда тортиб олинган патологик ҳужайралар талоқнинг фильтрлаш хоссасини ёмонлаштиради. Бу эса талоқнинг янада катталашишига олиб келади. Натижада қондан жуда кўп миқдорда ҳужайралар тортиб олина бошлайди ва гиперсплинизм (қон ҳужайраларининг фаол равишда емирилиши) юзага келади. Бу эса қондаги эритроцит, тромбоцит ва лейкоцитлар миқдори камайишига сабабчи бўлади. Агар талоқ катталашганда зарур чоралар кўрилмаса, талоқ патологик ҳужайралардан ташқари соғлом ҳужайраларини ҳам емира бошлайди. Шу сабабдан ҳам спленомегалияни ўз вақтида даволашга алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Даволашда, асосан, касалликка сабаб бўлаётган омилни йўқотишдан бошланади. Баъзан катталашган талоқни жарроҳлик усули билан олиб ташлашга зарурат туғилиши мумкин.

Manba: "7 муъжиза" газетаси

 

Киритилди: 00:36 24.05.2018. Ўқилди: 93783 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!