Ўзбекистон миллий жамоаси ҳужумчиси Игор Сергеев жароҳатидан тикланиб, сафга қайтмоқда.
Таиланднинг «Патум Юнайтед» клуби ҳужумчиси бугун, 20 ноябр куни Таиланд кубоги доирасида «Тай Порт» (1:2) жамоасига қарши кечган учрашувда 10 ойлик танаффусдан кейин илк бор жамоасининг қайдномасидан ўрин олди. Шу куни мураббийлар штаби уни майдонга туширмади.
Қайд этиш жоиз, Игор Сергеев январ ойида Осиё кубоги 3-тури доирасидаги Австралияга қарши учрашувда жиддий жароҳат олиб, майдонни тарк этганди. Тиббий текширувлардан кейин 30 ёшли форварднинг хочсимон пайлари узилгани ва у жарроҳлик амалиётидан сўнг узоқ муддатга сафдан чиққани хабар қилинганди. 10 ойлик танаффусдан сўнг Сергеев жароҳатидан тикланиб, машғулотларга қайтди ва ҳозирда жамоасига ёрдам беришга тайёр ҳолатга келган.