Бугун 25 июнь, 2025 йил, чоршанба

O'ZB

Ибн Сино беш, Имом Бухорий тўққиз, Бобур Мирзо ўн икки ёшида... Ёхуд бизнинг болалар қачон “катта” бўлади?

A A A
Ибн Сино беш, Имом Бухорий тўққиз, Бобур Мирзо ўн икки ёшида... Ёхуд бизнинг болалар қачон “катта” бўлади?

Ёш болаларга, ёш авлодга ўтмиш бобокалонларимиздек эътибор қаратишимиз, тарбиясига бепарво бўлмаслигимиз, уларга ишонишимиз, уларга ишонч беришимиз, йўл беришимиз, имкон беришимиз керак. 

Шундагина узоқ ўтмишимиз каби келажагимиз ҳам буюк бўлади. “Бола бошидан...” деб бекорга айтишмаган, ахир.

Имом  Шофий етимликда ўсганлар. Лекин оналари уни 7 ёшида мураттаб қори қилишга муяссар бўлган. У зот 20 ёшига етмасданоқ мужтаҳид бўлиб улгурган эдилар... 

Имом Аҳмад ҳам етимликда униб-ўсганлар. Етим бўлса ҳам жамият ва муҳит уларни мужтаҳид қилиб тарбия қилган... Жамият ва муҳит ана шу икки етимни ўзлари учун мужтаҳид қилиб, барча даврларнинг энг буюк фақиҳи қилиб тайёрлаган....

Ҳадис илмида “таҳаммул” тушунчаси бор. Яъни ҳадис эшитиш ва уни ўзгаларга эшиттириш неча ёшда бошланади? Бир сўз билан айтганда, шогирд ва устоз бўлиш ёши нечада, деган масала ўртага ташланган. Муҳаддислик ёши 5 ёшдан бошланади, деб ҳисобланади. Эътибор беринг, 5 ёшда!

Имом Бухорий бобомиз “Саҳиҳи Бухорий”да “Ёш боланинг ҳадис эшитиши қачондан бошлаб дуруст бўлади?” деган сарлавҳа остида бир боб ёзган бўлиб, унда саҳоба Маҳмуд ибн ар-Рабеъ разийаллоҳу анҳунинг “Мен беш ёшлигимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам челакдан сув олиб? юзимга пуркаганини ақлимда сақлаб эслаб қолганман”, деган мазмундаги ҳадис ривоят қилинган (77-ҳадис).

Зайд ибн Собит разийалоҳу анҳу деган саҳоба эса 10 ёшида исломга кирган, 12 ёшда Қуръонни тўлиқ ёд олган, Пайғамбаримизнинг шахсан тавсиялари билан 14 ёшида иброний тилини ўрганган, 16 ёшида Аллоҳнинг Расулига таржимонлик қилган, 17 ёшида ваҳий котиби сифатида фаолият юритган, 19 ёшида мерос ҳуқуқи бўйича саҳобалар орасида бош мутахассис сифатида танилган, 21 ёшида эса Қуръони каримни тўлиқ кўчириб жам қилган эдилар!

Имом Бухорийнинг ўзи ҳадис илмидаги устозларидан бири Муҳаммад ибн Салом ал-Пойкандий ҳузурларига қатнаб юрганида эса ҳали 9 яшар болакай эди. Ўша болакайлик пайтидаёқ 70 минг ҳадисни ёд биларди. 9 яшарлик Имом Бухорийга “масжидда сийиб қўядиган бола” деб қарамадилар, балки устози Пойкандий ҳам фахр-ифтихор билан замонасининг бошқа устозларига фахрланиб, тавсия қилдилар... Ҳозирда ҳеч бўлмаганда 7 та ҳадисни санадлари билан ёд билган ўзбек имом домлалари топилармикин?!. Нима учун, ҳадис ёд олиш учун 9-10 яшар болаларимиз устозлар олдига қатнамаслиги керак?!.

Нимага, Қуръонни тўлиқ ёд олган, минглаб ҳадисларни ёдлашга тушган давримиз болакайларидан фахрланмаслигимиз керак?! Уларни оламга кўз-кўз қилмаслигимиз керак?! Нима учун?! Нимага, Имом Бухорийдан фахрланадиган бугунги авлод у зотга эмас, Нобелга интилиши керак?! Илмга эътиборгина Бухорийларни етиштиради, замонавий Бухорийлардан эса “Нобел” олувчилар чиқади...

Ҳадис илми устозлигига эса қатъий қилиб 15 ёш белгиланган. Бир нарсани эсдан чиқарманг, миянгизга қуйиб олинг, илтимос Сиздан: Имом Бухорий бобомиз илмини камолга етказиш учун ўз юртидан чиқиб кетаётганида 16 ёшга энди қадам қўяётган ўсмир бўлиб, ҳадис илмида шогирд эмас, балки устоз бўлиб улгурган эдилар. У зот бу пайтда Бухоронинг энг буюк ва энг машҳур устози, ҳанафий олими Абу Ҳафси кабир ҳузурларида таҳсил олаётган эди. Имом Бухорийнинг ўзлари айтишларига қараганда, у зот олдида “Муснади Абдуллоҳ ибн ал-Муборак”, “Муснади Вақеъ”, “Муснади Суфён ас-Саврий” каби китобларни ўқиб, ёд олиб чиққан.

Бу китоблардан фақат Абдуллоҳ ибн ал-Муборакнинг “Муснад”лари яқинда ўзбек тилида нашр қилинди, холос... Абу Ҳафси кабир унга устоз бўлганини айтиб, энди ҳадис илмида мутахассис бўлишга, ихтисосликка кўшиш қилишга васият қилган ва “Сенинг шаънинг шу илмда буюк бўлади!”, деган олимона башоратини берган эди. Унинг оқ фотиҳаси билан Имом Бухорий, энди, ихтисослик касб қилиш, ўзга юртдаги олимларнинг илмини батамом олиш учун чиқиб кетган эди...

Абу Али ибн Сино 5 ёшга кирганида унга чуқурроқ таълим бериш мақсадида отаси ўша даврдаги мамлакат пойтахти Бухоро шаҳрига атайин кўчиб борган эди. Ҳа, атайин кўчиб борган эди! Чунки, катта шаҳарларда таълим берувчи устозлар кўп бўлади. Ҳозирда эса 5 яшар болани мактабга ҳам олишмайди...

Абу Али ибн Сино бобомиз ўз таржимаи ҳолида: “Отам менинг илмдан бошқа нарса билан шуғулланишимдан ҳазар қилар эдилар”, деб ёзганлар. Ҳа, илмдан бошқа иш билан шуғулланишдан ҳазар қилган отанинг боласи аллома бўлади-да!!! Абу Али ибн Сино ҳали 12 яшар бола экан, тафсир, ҳадис ва фиқҳдан дарс берган ўз устози Исмоил аз-Зоҳид билан мунозара ва баҳс қилиш салоҳиятига етганлигини манбаларда қайд қилиб қолдирилган. Бу пайтда у мураттаб қори бўлган, динда олим бўлган.... Буюк аллома 16 ёшида “Ҳадият ар-Раис” деган асарни ўша даврнинг подшоҳига бағишлаб ёзган эди. Бу асар Қоҳирада нашр қилинган.

Ана шу 16 ёшида олим бўлиб бутун мамлакатга танилиб улгурган аллома бобомиз касал бўлиб қолган подшоҳни даволаш учун саройга таклиф қилинган. Амир дардини тузатиш борасида кўрсатган хизматлари туфайли унинг дунёдаги энг бой кутубхонасига киришга ижозат олгани ҳаммага маълум. Биздачи, ёш болаларни қўйинг, капкатта – институт ва университет талабаси, илм одами “Миллий Кутубхона”мизга худди Амриқонинг Пентагонига кираётгандек текширувлардан ўтмагунча киритишмайди, қўйишмайди. Яна, кун ботмасданоқ кутубхоналаримизнинг эшиклари тақа-тақ ёпилади. Шунинг учун, “Миллий Кутубхона”га боргинг ҳам келмайди. Ваҳоланки, бошқа давлатларда кутубхоналар туну-кун ишлайди. Ишонмасангиз, бориб кўрганлардан сўранг, жуда бўлмаса, интернетга кириб кўринг!...

Мирзо Улуғбек бобомиз эса 813 ҳижрий (1410 мелодий) йили бутун Мовароуннаҳрга ҳукмдор бўлганида ҳали 15 яшар бола эди. Бу вақтда унга 15 вилоятга бош бўлиш имконияти берилди. Ҳеч ким унга ақлсиз демади, ёш бола демади, масжидга борса сийиб қўяди, демади, балки масжид қурсин, мадраса қурсин, бундай қурилишларга бош бўлсин, деб, “Ақл ёшда эмас, бошда!” дедилар-да, шарта ўша даврдаги Ер юзининг энг қудратли давлати – бутун Мовароуннаҳрга ҳукмдор қилиб қўя қолдилар... У ҳам ўз улуғлиги ва буюклигини оламга кўрсатиб қўйди: Улуғбек Академиясига асос солиб, Шарқнинг иккинчи Уйғониш даврига бош бўлди...

Муҳаммад Заҳириддин Бобур бобомиз эса 12 ёшида бутун бошли давлатга раҳбар бўлган. Ҳа, подшоҳ бўлган! Ҳозир шундай бўлишини тасаввур қила оласизми?! Буюк бобокалонимизнинг ўзлари “Бобурнома”нинг илк сатрларидаёқ ифтихор ва шукрона ўлароқ бунга иқрор бўлганлар:

“Тенгри таолонинг инояти билан ва ҳазрати он Сарвари коинотнинг шафоати билан ва чаҳорёри босафоларнинг ҳиммати билан сешанба куни рамазон ойининг бешида тарих саккиз юз тўқсон тўққузда (1494, июль) Фарғона вилоятида ЎН ИККИ ЁШта ПОДШОҲ бўлдум”.

Афсуски, ҳозирда ўн икки ёшли болапон ва болакайларни ҳеч қачон, масалан, Президент Девонига раҳбарлик бериш у ёқда турсин, ҳатто томоша қилишга ҳам киритилмайди. Болаларга йўл бўлсин, коп-катта инсонларни у ерга шунчаки йўлатишмайди. Президент Девонини қўйиб туринг, давлатнинг ҳам, нодавлатнинг ҳам идораларини қоп-қора панжаралар билан ўраб ташлашган. Ҳатто, ўша идораларнинг олдида машина ҳам қўя олмайсиз, у ерларга бормоқчи бўлсангиз, машиналарингизни ҳам бирор километр узоқроқ жойда қўйиб келишингизга тўғри келади; ўша идораларнинг бош дарвозасидан-ку сизни киритишмайди, ўғри ё гуноҳкорга ўхшаб муншайиб, орқа эшикдан киришингизга тўғри келади....

Болаларимизни Вазирлар Маҳкамасига, Бош прокуратурага, Фанлар академиясига ёки Ёзувчилар Уюшмасига тамошага олиб кириб, уларга фаолиятларни, бу идораларнинг ҳаётимизда нақадар аҳамиятли эканини тушунтириб, қизиқтириб бўлмайдими?!. Нимага болаларимиз учун очиқ эшиклар куни ўтказилмайди?! Боғча ва мактабларнинг ёш болалари бирорта университетга, бирорта нашриётга, бирорта типографияга тамошага олиб боришганини эшитмаганман... Рамазон ойида болаларимизни ёппасига масжидларимизга олиб боришни айтмай қўя қолай...

Бу ҳақда ўқинг:
“Эҳ, бу ўзбеклар қанақа халқ...”

Машҳур “Тафсири Жалолайн”нинг муаллифи Жалолиддин ас-Суютий 600 та асар ёзган исломнинг буюк алломаларидан биридир. У зот отадан етим қолган бўлсалар-да, ҳали 8 ёшига тўлмасданоқ Қуръони каримни тўлиқ ёд олганлар. Ўша болалигида ёд олган китобларига бир қаранг: Ибн Дақиқ ал-Ийднинг “Умдат ал-аҳком” асари ва унинг шарҳини, Имом ан-Нававийнинг шофеъийлик фиқҳида ёзилган матн “ал-Минҳож” асарини, Имом ал-Байзовийнинг усул ал-фиқҳга оид “Минҳож ал-усул” асари, Ибн Моликнинг наҳвга оид “Алфия” асари, яна “Тафсири Байзовий”. Қаранг, эски Бухоро мадрасаларида “Тафсири Байзовий” ёд олдирилмаган, балки бирорта тафсир китоби ёдлатилган эмас. “Тафсири Байзовий” ҳам мадрасаларнинг энг охирги босқичларида ўқитилган. Ҳозирда эса Ўзбекистоннинг ҳеч бир илм даргоҳида “Тафсири Байзовий” ҳам, “Алфия” ҳам расман ўқитилмайди...

Жалолиддин ас-Суютий бошқаларга ва талабаларга дарс беришга ижозат олганида ҳали ўзи 15 яшар “бола” бўлган! Бизда эса 15 яшар боланинг бошқаларга дарс бериши у ёқда турсин, диний таълим олишига рухсат берилмайди...

Абдулҳай Лакнавий бор йўғи 39 ёш умр кўрган исломнинг улуғ алломаларидан биридир. Шу ёшида 100 дан ортиқ энг муҳим асарларни ёзиб қолдирган. У илк асарини ёзган пайтда, ўзи ҳинд бўла туриб, (араб эмас), араб тили грамматикасига оид китоб ёзганида, ҳали 11 яшар бола бўлган. Бизда эса араб тили грамматикаси бўйича китоб ёзиш у ёқда турсин, 11 яшар боланинг араб тилини ўрганишига имкони йўқ...

Абдулҳай Лакнавий одамларга фатво бериб, муфтий бўлиб танилганида энди 17 яшар ўсмир бўлган. Бизда-чи, 17 яшар бола муфтийлик қилиш у ёқда турсин, бирор муфтийнинг олдига тез-тез бориб фатво олиб туришига рухсат йўқ!...

“Бола бошидан...”, деб бекорга айтишмаган. Болаларга беэътибор бўлмаслигимиз керак. Жамият унга бепарво бўлмаслиги керак. Боғчаларга қилинаётган эътибор, балки шу сабаблидир. Таълим соҳаларидаги ўзгаришлар, мактабларга кўрсатилаётган назар шунинг учундир. Болаларга эътиборни бундан-да кучайтириш керак. Болаларнинг таълим олишига йўл қўйиб беринг, илтимос. ИншаАллоҳ, эътиборлар бесамар кетмагай, унинг самараси, албатта, хайрли ва баракали бўлгай!

Ҳамидуллоҳ Беруний,
исломшунос олим

Manba: azon.uz

Киритилди: 07:00 06.01.2020. Ўқилди: 11591 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!