Бугун 18 апрель, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Ҳожатхона ва ҳаммомнинг бир жойда бўлиши мумкинми?

Ҳожатхона ва ҳаммомнинг бир жойда бўлиши мумкинми?

Замон тараққийлашгани сари, барча соҳаларда ҳам жадаллик, қулайлик ва янгиликлар кўзга ташланиб бораверади. Масалан, бугун қурилаётган уйларнинг аксарида замонавий ҳаммомлар ёнида ҳожатхона унитази ҳам ўрнатилмоқда. Буни шаръий ҳукми қандай бўлади? Мана шу мазмундаги савол ва унинг жавоби muxlis.uz сайтида эълон қилинди. Жумладан, савол эгаси шундай дейди:

Ассалому алайкум. Саволим шундан иборат: агар чўмиладиган душхонада унитаз ҳам қўйилган бўлса, ораси тўсилмаган ҳолда бўлса, у хонада таҳорат олса, ғусл қилса бўладими?”.

Ушбу саволга «Шайх Зайниддин» жоме масжиди имом-хатиби Одилхон қори Юнусхон ўғли жавоб қайтарган.

“Ва алайкум ассалом. Аслида, ҳожатхонада таҳорат қилиш мумкин эмас. Сабаби у ерда нажосат бўлади. Яна бундай жойларда турли зикрларни ўқилмайди. Аммо ҳозирда замонавий ҳаммомлар ёнида ҳожатхона ҳам қурилмоқда. Бунда ҳожатхонада канализация бўлиб, у ерда нажосат йиғилиб турмаса, яна тушган нажосат асари вақтида сув билан тозалаб турилса, ундай жойда таҳорат қилиш мумкин. Шунда ҳам ҳожатхона билан ҳаммом ўртасига бирон тўсиқ қилиш афзал (девор бўлиши шарт эмас). Мўмин-мусулмон банда ҳожатхона ва ҳаммомини покиза тутади, у ердаги нажосатларни вақтида тозалаб туради. Зеро, поклик имондандир. 

Таҳорат қиладиган жой покиза бўлса, ерга тушиб либосга сачраган сувнинг зарари йўқ. Аммо нопок жойда таҳорат қилинса, жумладан, ҳаммом нопок ҳолда бўлиб, сачраган сув либосга текса, уни ифлос қилади. 

Уламолар покиза ҳаммомда “бисмиллаҳ” дейиш жоизлигини айтишган. Аслида имконини топган одам ҳаммом ташқарисида таҳорат қилгани афзал, дейилади. Аммо покиза ҳаммомларда таҳорат қилишнинг ҳеч қандай кароҳати йўқ. 

Хуллас, аслида тагида нажосат йиғилиб турадиган ҳожатхона ва бошқа нопок жойларда таҳорат қилинмайди. Аммо ҳожатхонада канализация бўлиб, тушган нажосат вақтида сув билан тозалаб турилса, у энди ҳожатхона ҳукмида эмас. Бундай жойда таҳорат ёки ғусл қилса бўлади. Аниқроғи, мана шундай сифатга эга ҳожатхонанинг ҳаммом билан бир жойда бўлиши жоиз. Фақат бунда покликка эътибор бериш, нажосат асари қолиб кетишига, ёқимсиз ҳид чиқиб туришига йўл қўймаслик лозим. Валлоҳу аълам!”.

Киритилди: 16:47 23.11.2020. Ўқилди: 8554 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!