Қашқадарё вилоятида жойлашган “Ҳисор” давлат қўриқхонасига ўрнатилган фото-видеоқопқонлар орқали қор қоплонларининг катта тўдаси тасвирга олинди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қўриқхона ходимларининг сўзларига кўра, қор қоплонлари сони кўпайган. Илгари улар иккитадан ортмаган бўлса, ҳозир қор қоплонларининг сони 3-4 тага етади.
Қор қоплони Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи ва Ўзбекистон Қизил китобига киритилган ноёб тур ҳисобланади. Шунингдек, SITES — йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги ёввойи фауна ва флора турлари билан халқаро савдо қилиш тўғрисидаги Конвенция рўйхатига киритилган. Овлаш қатъиян тақиқланган.