Солиқ ҳисоботи шаклларига ўзгартириш киритувчи ҳужжат Адлия вазирлигида 2026 йил 5 ноябрда 3221-10 рақами билан давлат рўйхатидан ўтказилди.
Унга кўра, солиқ даври тугагач, кейинги ойнинг 15-кунидан кечиктирмай ҳисобварақ-фактуралар реестрларини чоп этиш, варақларини рақамлаш, тикиш ва муҳрлаш (муҳр мавжуд бўлса) талаби бекор қилинди. Электрон юритиладиган қўшимча варақларни чоп этиб, тегишли солиқ даври реестрларига илова қилиш ҳам талаб этилмайди.
Шунингдек, ҚҚСни ҳисоблаш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартиби бўйича ҳисобот шакллари тасдиқланди. Мазкур шакллар орқали ҳисобот топшириш асосий фаолияти умумий овқатланиш, савдо ёки хизмат кўрсатиш бўлган тадбиркорларга реализация бўйича барча айланмаларга нисбатан 6 фоизлик ҚҚС ва 0 фоизлик фойда солиғи ставкаларини қўллаш имконини беради.
Юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ҳисоботи эса «солиқ солинадиган база» ва «самарасиз фойдаланишдаги ерлар» бўлимлари билан тўлдирилди.