Ҳиндистондаги авиаҳалокатда омон қолган ягона шахс – 40 ёшли Вишвас Кумар Рамеш фожиа ҳақида сўзлаб берди.
– Ҳаммаси учоқ ҳавога кўтарилгандан бир дақиқа ўтиб содир бўлди. Дастлаб, тўсатдан ниманингдир қаттиқ урилгани эшитилди. Самолётда яшил ва оқ чироқлар ёнди. Тахминимча, бу ҳаво кемасини барқарорлаштиришга уриниш ёки фавқулодда вазият режими ёқилиши эди. Кейин, негадир тушунмадим, самолёт учишни тезлатди ва ерга шўнғиди.
Рамеш аввал омон қолишига ишонмаган. Самолёт қулаб тушгач, ўзига келиб, салонни тарк этишга уринган.
– Хавфсизлик камарини ечиб, чиқиш йўлини қидира бошладим ва топдим, – дея қўшимча қилди у. – Сўнгра чиқишга муваффақ бўлдим. Кўз олдимда стюардесса ва бошқаларнинг жонсиз жасади ётарди.
Ҳозир Рамешнинг аҳволи барқарор, деб ёзган “РИА Новости”.