Ҳиндистоннинг Ражастан ва Телангана штатлари маъмурлари “қора моғор” деб номланувчи эпидемия тарқалганини эълон қилишди.
“Штатдаги мукормикоз билан касалланганлар сони COVID-19 таъсири туфайли ўсишда давом этмоқда. Мукормикоз ўзини COVID-19’нинг ён таъсири сифатида намоён қилади”, дейилган хабарномада.
Ражастан Соғлиқни сақлаш бош вазири Ачил Ароранинг сўзларига кўра, штатда ушбу касалликка чалинган 100 га яқин бемор бор, улар учун давлат касалхонасида махсус бўлим ажратилган.
Мукормикоз ёки “қора моғор” қўзиқорин инфекциясидан келиб чиққан асоратдир. Касаллик атроф-муҳитдаги қўзиқорин споралари билан алоқада бўлганларда ёки қўзиқорин кесиш, чизиш ёки куйиш орқали терига киргандан кейин ривожланиши мумкин. Касаллик диабетга чалинганларга, шунингдек, коронавирус юқтирганларга катта хавф туғдиради.