Бугун 9 декабрь, 2025 йил, сешанба

O'ZB

Ҳиндистон ва Хитой ўртасидаги парвозлар беш йиллик танаффусдан сўнг қайта тикланди

Ҳиндистон ва Хитой ўртасидаги парвозлар беш йиллик танаффусдан сўнг қайта тикланди

Ҳиндистон ва Хитой ўртасида беш йиллик танаффусдан кейин тўғридан-тўғри ҳаво қатновлари қайта тикланди. Бу икки қўшни давлат ўртасидаги муносабатлар илиқлашаётганидан далолат беради.

26 октябрь куни “IndiGo” авиакомпаниясининг 6E 1703 рейси Ҳиндистоннинг Колката аэропортидан учиб, уч ярим соатдан сўнг Хитойнинг жанубидаги Гуанчжоу шаҳрига қўнди.

Ҳиндистон ва Хитой ўртасидаги рейслар 2020 йил бошида COVID-19 пандемияси бошланиши ва Ҳимолойдаги низоли чегара ҳудудида юз берган қурбонлар билан якунланган тўқнашувдан сўнг тўхтатилган эди.

Икки ядровий давлат ўтган йил кузида чегарадаги ҳарбий қисмларни ажратиш бўйича келишувга эришган ва беш йил ичида илк бор юқори даражадаги мулоқотни тиклаган.

Хитойнинг Ҳиндистондаги элчихонаси матбуот котиби Ю Жинг ижтимоий тармоқдаги хабарда шундай ёзди:

“Хитой ва Ҳиндистон ўртасидаги тўғридан-тўғри парвозлар энди ҳақиқатга айланди.”

Давлатга тегишли China Eastern Airlines компанияси 9 ноябр куни Шанхай — Деҳли йўналишини қайта очиши кутилмоқда. Шунингдек, IndiGo 10 ноябрдан бошлаб янги Деҳли — Гуанчжоу қатновини йўлга қўяди.

Ҳиндистон ҳукумати маълум қилишича, парвозларнинг қайта тикланиши “одамлар ўртасидаги мулоқотни осонлаштиради” ва “икки томонлама муносабатларни босқичма-босқич нормаллаштиришга ёрдам беради”.

Колката аэропорти директори Прават Ранжан Беуриянинг айтишича, илк рейс бортида 176 нафар йўловчи бўлган.

Йўловчилардан бири, ишбилармон Кришна Гойал, ANI агентлигига берган интервьюсида шундай деди:

“Беш йил давомида биз кўпинча Сингапур орқали икки ёки учта рейсни алмаштиришимизга тўғри келарди. Бу тўғридан-тўғри қатнов биз учун катта қулайлик яратди.”

Янги ҳаво йўналиши Колкатанинг ривожланаётган тўқимачилик ва жут саноатини жанубий Хитойнинг улгуржи бозорлари билан янада боғлайди. Шу тариқа, Осиёнинг икки йирик мамлакати АҚШ президенти Дональд Трампнинг тарифлар бўйича таҳдидларига қарамасдан, савдо алоқаларини мустаҳкамламоқда.

Киритилди: 13:45 27.10.2025. Ўқилди: 763 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!