Ҳиндистон яна бир бор Озарбайжоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) тўлақонли аъзо бўлишига қарши чиқди.
Бу ҳақда “Report” агентлиги AnewZ манбасига таяниб хабар берди.
Хитойда бўлиб ўтган ШҲТ саммитида эса Пекин Озарбайжоннинг аризасини қўллаб-қувватлаб, унинг “Шанхай руҳи” тамойилларига мос келишини қайд этди.
Манбаларга кўра, Ҳиндистоннинг қарори кўп томонлама дипломатия принциплари ҳамда икки томонлама келишмовчиликларни халқаро платформаларга олиб чиқмасликка қаратилган “Шанхай руҳи”га зид ҳисобланади.
Хабарда таъкидланишича, Ҳиндистоннинг бундай позицияси асосан Озарбайжоннинг Покистон билан яқин алоқалари билан боғлиқ.
Манбалардан бирига кўра, бу қадамлар “Озарбайжоннинг стратегик йўналишини ўзгартирмайди, фақат Ҳиндистон сиёсати чекланган ва келажакни кўра олмаслигини намоён этади”.