Бугунги кунда атмосфера ҳавоси ифлосланиши долзарб экологик муаммолардан бири ҳисобланади. Айниқса, куз-қиш мавсумида ҳаво сифатига турли омиллар таъсир кўрсатади. Бу муаммони самарали ҳал этиш учун, аввало, ифлосланиш сабаблари ва асосий манбаларини аниқлаш муҳим ҳисобланади.
Шу мақсадда Президент фармони билан Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси тасарруфидаги Ихтисослаштирилган атмосфера лабораторияси маркази ташкил этилган. Марказ раҳбари, техника фанлари доктори Зикрилла Алимовнинг таъкидлашича, марказ лабораториясида илғор халқаро тажриба ва замонавий ускуналар асосида атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи моддаларнинг келиб чиқиш манбалари ўрганилмоқда. Бу эса ҳаво ифлосланишида қайси омиллар кўпроқ таъсир кўрсатаётганини аниқлашга ёрдам беради.
Айни пайтда Тошкент шаҳрининг барча туманларида ҳаводан махсус фильтрлар орқали намуналар олиниб, лабораторияда таҳлил қилинмоқда. Тадқиқотлар давомида ифлослантирувчи моддаларнинг манбалари, уларнинг ҳаво сифатига таъсири ҳамда метеорологик шароитлар билан боғлиқ жиҳатлари ўрганилмоқда. Келгусида бу тажрибани республика бўйлаб кенг жорий этиш ҳам режалаштирилган.
Ҳаво сифатига инсон фаолияти билан боғлиқ омиллардан ташқари, об-ҳаво шароити ҳам таъсир кўрсатади. Масалан, узоқ вақт ёғингарчилик бўлмаслиги чанг миқдорининг ортишига олиб келиши мумкин. Ҳарорат инверсияси вақтида эса ерга яқин ҳаво қатламида ифлослантирувчи моддаларнинг тарқалиши чекланиб, уларнинг тўпланиши кучаяди.
Ушбу тадқиқотлар ҳаво ифлосланишининг асл сабабларини аниқлаш, муаммонинг олдини олиш ва унинг салбий таъсирини камайтиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш учун муҳим аҳамиятга эга. Зеро, ҳаво сифатини яхшилаш учун нафақат ифлосланишни кузатиш, балки уни келтириб чиқараётган манбаларни аниқлаб, илмий асосланган ечимларни амалга ошириш зарур.