Украина ҳарбийлари армияда режалаштирилаётган ислоҳотлар бўйича давлат ваъдаларига ишонмаяпти. Бу ҳақда "Financial Times" Украина Қуролли кучларининг номи ошкор этилмаган ҳарбий хизматчиларига таяниб хабар берди.
Аввалроқ Украина мудофаа вазири Михаил Фёдоров УҚКда янги шартнома тизими жорий этилишини эълон қилган эди. Унга кўра, шартнома муддати тугаганидан кейин ҳарбий хизматчига сафарбарликдан кечиктириш ҳуқуқи берилади — хизмат муддати қанча узоқ бўлса, кечиктириш даври ҳам шунча узоқ бўлади.
“Бир неча аскар "Financial Times"га ислоҳот йиллар давомида жанг қилганларга деярли ҳеч нарса бермаганини ва давлат ўз ваъдаларини бажаришига шубҳа қилаётганини айтди”, — деб ёзади нашр.
FT таъкидлашича, ваъда қилинган ислоҳотлар, айниқса, 2022 йилда ёки ундан олдин хизматга кирган ҳарбийлар орасида танқидга учраган. Улар учун асосий муаммо — хизмат муддати ва демобилизация масаласида аниқ кафолатлар йўқлиги.
Нашр суҳбатлашган ҳарбийлардан бири фуқаролик ҳаётида ҳарбий хизматчиларига “давлат мулки” сифатида қаралишини айтган. Унинг сўзларига кўра, иш берувчилар ҳарбийларни ишга қабул қилишга шошилмайди.
Федоров аввалроқ Украина жамиятида сафарбарлик жараёнидан норозилик борлигини тан олган. Украинанинг “Страна.ua” нашри эса украиналик ҳарбий Киев марказида пикет ўтказиб, УҚКдаги “қуллик шароитлари”дан шикоят қилганини хабар қилган эди.
У, хусусан, хизмат муддатини аниқ белгилаш ва демобилизация имкониятини жорий этишни талаб қилган.
Украинада сафарбарликни кучайтириш тўғрисидаги қонун 2024 йил 18 майда кучга кирган. Бироқ унда ҳарбий хизматдан бўшатиш муддатлари кўрсатилмаган.