Германияда наркотик ва психоактив моддалар истеъмоли тобора хавотир уйғотмоқда. Немис қарамлик масалалари маркази (DHS) энг катта хавф сифатида крек-кокаин (чекиладиган кокаин тури) ва фентанил каби синтетик опиоидларнинг кенг тарқалишини таъкидламоқда. Шунингдек, алкоголь, тамаки ва бошқа психоактив моддалар ҳаддан ташқари миқдорда истеъмол қилинмоқда, шу жумладан, ҳозирча қарамлик ривожланмаган одамлар орасида ҳам.
DHS ижрочи директори Питер Райзер маълум қилишича, Германияда наркотик билан боғлиқ ўлимлар тарихий рекорд даражага етган, шунингдек, гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ жиноятлар сони ортиб бормоқда.
Барча хавотирларга қарамай, Германияда қарамликка чалинган инсонларга ёрдам кўрсатиш учун ажратиладиган маблағ камаймоқда. Шу сабабли кўплаб маслаҳат марказлари хизматларини қисқартириш ёки умуман ёпилишга мажбур бўлмоқда.
DHS Германия ҳукуматидан қарамлик билан курашиш учун ажратиладиган маблағни қонунчилик даражасида кафолатлашни талаб қилмоқда, чунки ҳозирча бу йўналишдаги хизматлар қонун билан мустаҳкамланмаган.