Ғазо бўйича тузилган Тинчлик кенгаши ҲАМАС ҳаракати ва “Ғазодаги бошқа барча қуролли гуруҳлар”ни тўлиқ қуролсизлантириш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда АҚШ президенти Доналд Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида маълум қилди.
Трамп ушбу “тарихий келишув”ни Фаластиннинг янги ҳукумати Ғазони бошқариши йўлидаги “муҳим қадам” деб атади. У мазкур ҳукумат Фаластин халқига ёрдам бериш учун Тинчлик кенгаши билан “яқин ҳамкорлик қилиши”ни айтди.
"Исроил эса ўзи муносиб бўлган хавфсизликка эга бўлади ва Ғазо бундан буён террористик ҳужумлар учун база сифатида фойдаланилмайди", — деб ёзди Трамп.
Трамп қуролсизлантириш якунлангач, Исроил кучлари сектордан олиб чиқилишини айтди. Уларнинг ўрнини “Халқаро барқарорлаштириш кучлари” эгаллайди ва Фаластиннинг янги полиция кучлари билан бирга Ғазо хавфсизлиги учун масъул бўлади. АҚШ воситачилик учун Миср, Қатар ва Туркияга миннатдорлик билдирди.