ҲАМАС Исроил армиясининг Ливан жанубидаги Айн ал-Ҳилве фаластинлик қочқинлар лагерида гўёки ҲАМАСнинг «ўқув лагери»ни нишонга олгани ҳақидаги баёнотини рад этди.
Ҳаракатнинг ёзма баёнотида айтилишича, Исроилнинг бу даъвоси «жиноий тажовузни оқлашга қаратилган ёлғон» бўлиб, аслида зарба лагердаги масжид яқинидаги спорт майдончасига берилган. Бу жой лагер аҳлига яхши маълум бўлиб, ёшлар кўп тўпланадиган маскан экани таъкидланди.
ҲАМАС ўзининг Ливанда ҳеч қандай ҳарбий объекти йўқлигини билдириб, 13 кишининг ҳалок бўлишига сабаб бўлган ҳужумни қоралади.
«Биз буни ҳимоясиз Фаластин халқи ва Ливан суверенитетига қарши қилинган ваҳшийона ҳужум деб ҳисоблаймиз», — дейилади баёнотда.
Ҳужжатда қайд этилишича, Айн ал-Ҳилве лагерининг бомбардимони — «сионистларнинг Ғазо сектори ва Ғарбий соҳилда фаластинликларга қарши амалга оширилаётган террор ҳужумлари, шунингдек, Ливанга нисбатан давом этаётган тажовузларининг мантиқий давоми».
Исроил армияси аввалроқ ушбу лагерда ҲАМАСнинг «ўқув базаси» бўлганини даъво қилган ва ҳаво ҳужуми натижасида 13 киши ҳалок бўлгани, кўплаб одамлар яраланганини маълум қилган эди.