Бугун 20 май, 2025 йил, сешанба

O'ZB

Ҳалоллик ва поклик устуворлиги — жамиятда ижтимоий тенгликни таъминлайди

A A A
Ҳалоллик ва поклик устуворлиги — жамиятда ижтимоий тенгликни таъминлайди

Инсон аввало ўзининг маънавияти билан бошқа мавжудотлардан ажралиб туради. Маънавият тақдирнинг эҳсони эмаслиги ҳақида кўп ёзилган. Одам ўз-ўзидан маънавиятли бўлиб қолмайди. Гап унинг моҳиятини чуқур англашдадир. Маънавиятли инсон яхши яшаш учун ҳалол меҳнат қилиш керак деб ҳисоблайди. Юксак маънавий фазилатлар инсонга ҳаётида барқарорлик, мазмун бағишлайди. Бундай фазилатлар ичида, айниқса, ҳалоллик ва поклик инсон ҳаётида, камолотида ниҳоятда катта аҳамиятга эга. Айнан ана шу хислатлар уни бойлик орттириш йўлида инсофсизлик қилишдан тияди, моддий қийинчилик кунларида иродасини мустаҳкамлайди.

Қаердаки ҳалоллик ва поклик устувор бўлса, ўша жойга қут-барака ёғилади, кутилган натижалар ҳам осонлик билан қўлга киритилаверади. Бунинг акси ўлароқ, ҳаром-хариш аралашган жойдан барака кўтарилади. Баъзан бир неч­та нопок ходим туфайли бутун тизим ёмонотлиққа чиқади. Афсуски, одамзоднинг табиатида фалокатга судровчи нафс аталмиш иллат мавжуд. Айнан нафс, мол-дунё иштиёқи инсонни тамагирликка ундайди.

“Коррупция” термини лотинча “corruptio” сўзидан келиб чиққан бўлиб, унинг этимологик маъноси “бузиш, сотиб олиш” - деган маънони билдиради. Яъни коррупция – сиёсат ва давлат бошқаруви соҳасидаги ижтимоий хавфли ҳодиса, давлат функцияларини бажариш ваколатига эга бўлган ёки уларга тенглаштирилган шаxсларнинг ноқонуний тарзда моддий ва бошқа бойликлар, имтиёзларни олишда ўз мақоми ва у билан боғлиқ имкониятлардан фойдаланиши, шунингдек, бу бойлик ва имтиёзларни жисмоний ёки юридик шахслар қонунга хилоф равишда эгаллашига имкон беришидир.

Қонун нуқтаи назаридан қараганда, коррупция – мансабдор шахснинг ўз мавқеи ва ваколатларидан, унга ишониб топширилган ҳуқуқлардан ўз манфаати йўлида фойдаланиши, шу мақсадда ахлоқ ва одоб ҳамда жамиятда ўрнатилган тартиб-қоидаларни бузган ҳолда, жиноий ҳаракатларни амалга оширишидир.

Дунёда коррупция хавфи ва таҳдид­ларига қарши бир қатор норматив– ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Улар асосида халқаро стандартлар шакллантирилган. Коррупцияга қарши курашда халқаро стандартлар ўзига хос механизм ролини бажариб келмоқда. Энди коррупцияга қарши кураш бўйича асосий қонун ҳужжатларига тўхталиб ўтсак. Булар қуйидагилардан иборат:

  1. Давлат мансабдор шахсларининг халқаро ахлоқий кодекси
    (БМТ Бош Ассамблеясининг 51-сессияси 82-ялпи йиғилиши. Нью-Йорк, 1996 йил 12 декабрь).
  2. Коррупция бўйича жиноий жавобгарлик (Страсбург, 1999 йил
    27 январь).
  3. Коррупция бўйича фуқаровий-ҳуқуқий жавобгарлик конвенция­си (Страсбург, 1999 йил 4 ноябрь).
  4. Коррупция бўйича жиноий жавобгарлик конвенциясига қўшимча протокол (Страсбург, 2003 йил
    15 май).
  5. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг коррупцияга қарши конвенцияси (2003 йил 31 октябрда қабул қилинган) ва бошқалар.

Шунингдек, жаҳон ҳамжамияти БМТ Бош Ассамблеясининг 2003 йил 21 ноябрдаги резолюциясига мувофиқ, 2004 йилдан бошлаб 9 декабрь халқаро Коррупцияга қарши кураш куни сифатида нишонланади. Жаҳон бўйлаб БМТ аъзолари бўлган, коррупцияга қарши кураш конвенциясини тан олган мамлакатлар шу куни турли тадбирлар, акциялар уюштиради.

Ушбу иллат шуниси билан хавфлики, у:

  • Жамиятда ижтимоий тенгсизликни юзага келтиради;
  • Аҳолини, халқни олиб борилаётган ислоҳотларга бўлган ишончини йўқ қилади;
  • Жамиятда мавжуд ижтимоий муносабатларда адолатсизликни вужудга келтиради;
  • Энг ёмони, аҳоли ўртасида турли хил норозиликларни келтириб чиқариши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексида хам шу каби жиноятларини содир этган шахсларга нисбатан қўлланиладиган бир қатор моддалар мавжуд бўлиб, ушбу турдаги жиноятларни содир этувчи шахслар Жиноят кодексининг қуйидаги моддаларида кўрсатилган жиноятларни кўпроқ содир этишади:

  • Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш (ЖК 205-м.);
  • Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш (ЖК 206-м.);
  • Мансабга совуққонлик билан қараш (ЖК 207-м.);
  • Ҳокимият ҳаракатсизлиги (ЖК 208-м.);
  • Мансаб сохтакорлиги (ЖК 209-м.);
  • Пора олиш (ЖК 210-м.);
  • Айбсиз кишини жавобгарликка тортиш (ЖК 230-м.);
  • Адолатсиз ҳукм, ҳал қилувчи қарори, ажрим ва қарор чиқариш (231-м.);
  • Банд солинган мулкни қонунга хилоф равишда тасарруф этиш (233-м);
  • Жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш (ЖК 241-м.);
  • Жиноятни ҳисобга олишдан қасддан яшириш (ЖК 2411-м.);

Бундан ташқари, мамлакатимизда коррупцияни енгиш, ҳалол ишлашини таъминлаш, бозор иқтисодиётини янада ривожлантириш, тадбиркорлар олдида турган бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш, халққа ва тадбиркорларга халақит бераётган тўсиқларни бартараф этиш мақсадида бир қатор қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинди, жумладан: 2017 йил 3 январь кунидаги Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни хам бунга яққол мисол бўлади.

Бир сўз билан айтганда, айни пайтда мамлакатимизда жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашишнинг барча ҳуқуқий асослари яратилган. Фақат бу жараёнда юртдошларимиздан масъулият талаб этилади.

 

Илёсбек Усмонов

Жиноят ишлари бўйича Поп туман суди раиси

 

Бахтиёр Обидов

Жиноят ишлари бўйича Поп туман суди судьяси

 

 

Киритилди: 10:17 28.12.2019. Ўқилди: 10218 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!