АҚШ президенти Жо Байденнинг сайловолди ташвиқотида айтилишича, ҳакамлар ҳайъатининг собиқ президент Доналд Трампга нисбатан бизнес ҳужжатларини сохталаштириш бўйича ҳукми ҳеч ким қонундан устун эмаслигини кўрсатди.
Ташвиқотнинг таъкидлашича, ҳакамлар ҳайъати қарорига қарамай, Трамп Республикачилар партиясидан президентликка номзод бўлиб қолмоқда. «Доналд Трампни Овал кабинетга киритмасликнинг ягона йўли бор: сайлов қутиси орқали».
Конгрессдаги демократлар ҳукмни олқишлади.
Шу билан бирга, Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсон ва собиқ президент тарафдорлари ҳайъат қарорини танқид қилди. «Бугун Америка тарихида шармандали кун», деди Жонсон баёнотида.
Унинг фикрича, Трамп устидан суд жараёни «ҳуқуқий эмас, сиёсий воқеа»дир.
Ҳужжатларни сохталаштиришда айбдор деб топилган АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп қонунни бузмаганини айтди.
«Мен мутлақо айбсизман», - деди Трамп.
Трампнинг сайловолди кампанияси аллақачон ўз тарафдорларига «сиёсий маҳбус»нинг Оқ уйга қайтишига ёрдам бериш учун маблағ ажратишни таклиф қилмоқда.
«Мен ҳозиргина сохта сиёсий жодугар овида айбдор деб топилдим. Мен ҳеч қандай ноқонуний иш қилмадим... Сизнинг ёрдамингиз билан биз Оқ уйни қайтариб оламиз ва Американи яна буюк қиламиз», дейилади АҚШ собиқ президентининг сайловолди ташвиқоти сайти хабарида. Унга Трампнинг «сиёсий маҳбус» деб ёзилган сурати ҳам қўшилган. У ерда фойдаланувчиларга бир марталик ёки ойлик хайрия миқдорини танлаш таклиф этилмоқда.