Шанба куни «Манчестер Сити» Англия Кубоги доирасида ўз майдонида «Солфорд Сити»ни қабул қилади. Ушбу учрашув олдидан «шаҳарликлар» устози Хосеп Гвардиола ўз фикрларини билдириб ўтди.
"Албатта, бу тўртинчи дивизион жамоаси. Албатта, биз ўз уйимизда ўйнаяпмиз. Аммо мен футболчиларга ҳеч нарса осонликча қўлга киритилмаслигини уқтиришга ҳаракат қиляпман. Ҳамма нарса қийинчилик билан келади. Ҳа, ўйиндан кейин ҳаммаси осондек туюлиши мумкин, лекин биз ўз ишимизни бажаришимиз керак. Айнан шунинг учун ҳам Лига Кубоги ёки Англия Кубоги каби турнирларда биз доимо рақобатбардош бўлиб келганмиз. Биз доим тўғри кайфият билан майдонга тушганмиз ва эртага ҳам бундан мустасно бўлмаслиги керак", — деди Гвардиола матбуот анжуманида.
«Манчестер Сити» ва «Солфорд Сити» ўртасидаги учрашув 14 февраль куни Тошкент вақти билан соат 20:00 да бошланади.