Бугун 29 июнь, 2025 йил, якшанба

O'ZB

Гумон кўзгуси

A A A
Гумон кўзгуси

Гумон кўпинча ёмон ҳодиса ҳисобланади. Айниқса, биров ҳақида бадгумон бўлиш кўплаб хатоларнинг боши, гуноҳларнинг дебочасидир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло мўминларни кўп гумон қилишдан қайтарган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бадгумонликнинг ёмонлигини кўп бора таъкидлаганлар.

Одатда «гумон қиляпман», «гумонимча» деган гап кишига обрў келтирмайди. Бироқ, гумоннинг керакли жиҳатлари ва фойдалари ҳам бор. Имом Суютий Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, у киши: «Пухталик – ёмон гумондир», деган эканлар. Яъни киши баъзида ёмонликларнинг олдини олиш учун ёмон гумон қилиб, шу асосда ўзига пухта бўлиши, ўзини эҳтиёт қилиши ҳам керак. Демак, гумоннинг салбий жиҳати ҳам, ижобий жиҳати ҳам бор. Аммо биз ҳозир бу ҳақда тўхталмоқчи эмасмиз. Биз гумоннинг инсон ички оламини, қалбини, асл ҳолатини кашф қилишда тутган ўрни ҳақида сўз юритмоқчимиз.

Эътибор берилса, кўпинча кишининг бировлар хусусидаги гумони унинг ўз ҳолатини, ҳақиқий қиёфасини, ички оламини намоён этади.

Ёлғончи одам рост гапга ҳам ишонмайди, чунки у ўзи ёлғончи‑да, шунинг учун бошқани ҳам ёлғончи деб ўйлайди ва энг ростгўй инсоннинг чин сўзига ҳам гумон билан қарайди.

Рост гапириб ўрганган одам бировнинг ёлғонига ҳам ишониб кетаверади, чунки у ўзи ростгўй бўлгани учун бошқани ҳам ўзидек фаҳмлайди. У ҳатто аниқ ёлғонлар қаршисида: «Йўғе, бу одам ёлғон гапирмаса керак, бунчалар ёлғон ишлатиш мумкин эмас‑ку», дея қайсарлик ҳам қилади ва қайта‑қайта алданиб ҳам юраверади.

Айрим одамлар ҳамиша ўзини кўрсатиш ғамида яшайди. Улар ҳар бир ҳаракат, ҳар бир сўзини кимларнидир мулоҳазаси остида бажаради. Манфаат бермаса, биров мақтамаса, айтарли ҳеч нимага қўли бормайди, тили айланмайди. Бундай одамлар ҳаммани ўзига ўхшатади. Ҳатто у бу майдонда холис инсонлар бўлишига ҳам ишонмайди. Шу боис, ҳар ким ҳақида ҳар турли гумон қилаверади. Сал хизмат кўрсатган ёки бирор ишни уддалаб, кўзга тушган инсонни учратса, уни ўзни кўрсатишда айблайди: «Ҳа, бу киши ҳам жуда ўзни намойиш этишга ишқибоз бўлиб кетди, жуда ўзгарди бу», дея сўз қотади. Ўйламайдики, ҳамма ҳам у каби суратпараст, обрўпараст эмас.

Айни пайтда, одамларнинг назарига эътиборсиз, амалини холис қиладиган одамлар ҳам бошқаларни ўзига ўхшатишади. Улар ҳар кимга ишониб, кўп панд ейишади ҳам. Айниқса, дин хизмати, халқ хизматида юрган одам борки, яхши ниятли, холис инсон деб ўйлашади. Афсуски, уларнинг бу гумонлари кўпинча ўзини оқламай қолади.

Қалбида мансабпарастлик дарди бор одамлар ҳаммани мансабпараст деб билади. Ҳар бир ҳаракатчан одам уларнинг кўзига мансаб илинжида бўлиб кўринаверади. Уларнинг иғвогарлигидан кўрқиб одамлар бирор ишни дадил қилишга ҳам чўчиб қолади. Худди шунингдек, камсуқум одамлар ҳам мансабпарстларни тушуна олмай жони ҳалак юраверади. Баъзан уларнинг бир‑икки оғиз баландпарвоз гапларига алданиб чув тушиб ҳам қолишади.

Дунёда ҳар бир ишини қандайдир ғаразли мақсадлар ва узундан‑узун худбинона режалар билан қиладиган айёр одамлар ҳам бор. Улар ҳар ишда, ҳар бир сўзда нимадир моддий манфаат ё мақсадни кўзлайди ва шу йўлда узоқ режалар тузиб, шу асосда иш қилишади. Бундай кимсаларнинг ҳаракатлари кишини шоширтириб ҳам қўяди. Улар ҳам бошқаларни ўзларидек деб гумон қилади. Оддий, табиий ҳолатда кечган ҳодисалар устида ҳам қандайдир режалар, мақсадлар бор деб иддао қилишади ва шу гумонларига таяниб оламни ғийбату шикоятга тўлдиришади. Улар бу гумонларига баъзан шунчалар ишониб кетишадики, худди кўз билан кўриб, қўл билан тутган нарса ҳақида гапираётгандек қатъият билан гапиришади: «Мен буни жуда яхши биламан, аниқ шунақа», дейди ва керак бўлса, қасам ҳам ичиб юборади.

Бошқа тарафда соддадил, таваккалчи инсонлар ҳам бор. Улар айрим ҳийлагарликларни дарров тушуна қолмайди ҳам, бировдан бундай ишни гумон қилмайди ҳам. Улар кўпинча ҳийла‑найрангларни ростмана ошкор бўлгандагина англаб етишади ва ҳайратдан лол қотишади. Улар баъзан соддаликдан панд еявериб, ҳаётдан безиб ҳам кетади.

Ғийбатчи одам ўзгаларни у ҳақда ғийбат қилади деган ўйда ич‑этини еб юради. Тўртта одам тўпланди дегунча гумонга тушаверади: улар мен ҳақимда гаплашишяптиёв, нима дейишяпти экан‑а? Ана, фалончи менга ғалати қилиб қараб қўйди, кеча ҳам совуқ кўришиб ўтиб кетганди... Мана шунақа хаёллар билан ғийбатчилиги янада ортади. Бунинг муқобилида ғийбатга ўрганмаган одам ўзи билан банд, ўз фикру хаёли билан овора, одамлар у ҳақда иғво тарқатаётса ҳам билмай юраверади ва бу ҳақда ўйлаб ҳам ўтирмайди.

Ҳар ишда ўғриликча нимадир ундиришга ўрганган устасифаранглар бошқаларнинг ҳар бир ҳаракатига гумон билан қарайди. Улар касбдошларининг юриш‑туришини “назорат қилиш”дан чарчамайди. Ишхонадан у билмаган битта пиёла йўқолса, дарров шеригидан гумон қилади, уни ўғрига чиқаради. Унинг хаёлига пиёланинг синиши мумкинлиги эмас, ўғриланиши биринчи бўлиб келади. Бошқа тарафда эса ҳалолликка ўрганган одамлар шундоқ ёнида турган муттаҳам ҳаммаёқни ўмариб ташласа ҳам ҳеч нимани сезмай, ўша “ўйинчилар”ни ҳурмат қилиб, улар билан опоқ‑чапоқ бўлиб юраверади.

Ҳамма нарсани моддият тарозисида ўлчайдиган манфаатпараст кимсалар маънавий омилларни ҳеч қачон ҳис эта олмайди, ҳеч бир одам моддий манфаат бўлмаса, ҳеч нима қилмайди, деган ўйда юради. Улар дину халқ учун холис хизмат қиладиган одам йўқ, ҳамманинг дарди пул, деб ўйлашади ва чин дилдан хизмат қилаётган одамларни мунофиқона масхара ҳам қилиб қолишади. Мухлис кишилар ҳам ҳаммани ўзларига ўхшатишади, қандайдир моддий манфаат режасида, риёкорлик илинжида қилинган ишларни ҳам холис деб қабул қилишади ва кўпинча ёлғон даъволарга ишониб ҳам қолишади.

Бу рўйхатни истаганча давом эттириш мумкин. Аммо мақсадни тушунтириш учун шунинг ўзи етарли бўлса керак.

Хулоса қилиб айтганда, киши ўз гумон кўзгусида ўз шахсиятини, ички оламини, ахлоқини тафтиш қилиб олиши мумкин. Бу билан инсон ўзининг қалбидаги иллатларни аниқлаши ва шу асосда руҳий тарбиясини ўнглаши, қалбини, ахлоқини тузатиши даркор. Шу билан бирга, жамиятдаги айрим кишиларнинг, хусусан, яқинларнинг шахсиятини аниқлашда, уларнинг бировлар ҳақидаги сўзларини таҳлил қилишда ушбу “кўзгу” жуда иш беради.

Тўғри, баъзан ноқулай вазиятлар, бузуқ муҳит сабабли кишида бадгумонлик ортиши, унинг ички оламига дахлдор бўлмаган гумонсираш рўй бериши ҳам мумкин. Аммо бу истисноли ҳолат ҳисобланиб, умумийлик маъносини касб этмайди.

Аллоҳ таоло барчаларимизнинг ичу ташимизни ислоҳ қилиб, нафсимизни тарбия қилишмизда Ўзи мададкор бўлсин!

Ҳасан ал Муқрий

Manba: azon.uz

Киритилди: 14:32 10.07.2018. Ўқилди: 5356 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!