Грузиянинг собиқ президенти Саломе Зурабишвили АҚШнинг Аризона университети негизида ташкил этилган Маккейн институтида иш топди. Сиёсатчи 2025 йилда Киссинжер стипендияси сифатида эълон қилинган. Бу ҳақда ташкилот сайтида маълум қилинди.
"Маккейн институти ходими сифатида Зурабишвили ўзининг катта дипломатик, етакчилик ва сиёсий тажрибасидан янги сайловлар ўтказиш ва мамлакатининг демократик йўлидан бориш учун фойдаланади”, — дейилади баёнотда.
Норасмий маълумотларга кўра, Зурабишвили аллақачон Грузияни тарк этган.
Бугун, 8 январь куни ҳукмрон “Грузия орзуси – Демократик Грузия” партияси сиёсий кенгаши баёнотида айтилишича, Грузия Украина сценарийсидан қочишга муваффақ бўлган, бироқ мамлакатда тинчликни сақлаш учун кураш давом этмоқда.
"Грузия катта саъй-ҳаракатлар ва муросасиз кураш натижасида Украина сценарийсидан қочишга муваффақ бўлди, аммо тинчлик учун кураш давом этмоқда ва бу кураш якунланиши керак", - дейилади партия сиёсий кенгаши баёнотида.
Бундан ташқари, “Грузия орзуси” баёнотида “Чуқур давлат” деб аталувчи ташкилотнинг Вашингтон ва унинг ташқи сиёсатини назорат қилишга уринишлари ҳақида сўз боради. Грузия Украинадаги каби жаҳондаги мавжуд инқирозли вазиятлар “чуқур давлат” ҳаракатларининг натижаси эканлигига ишонч билдиради.
Зурабишвили аввалроқ Грузияда 2024 йил октябрь ойида бўлиб ўтган парламент сайловлари натижаларини тан олмаслигини, шунингдек, мухолифат партиялари ва мухолифат намойишларини қўллаб-қувватлашини билдирган эди. У истеъфога чиқишни рад этди. 2024 йил 29 декабрда Зурабишвилининг ваколат муддати тугади. 2024 йил 14 декабрда 300 кишидан иборат ҳайъат “Грузия орзуси” номзоди Михаил Кавелашвилини президент этиб сайлади. Кавелашвилининг инаугурация маросими 29 декабрь куни бўлиб ўтди. Шу куни Зурабишвили президент қароргоҳини тарк этишини маълум қилди.