Нашр маълумотларига кўра, айбланувчилар орасида Грузиянинг собиқ президент Михаил Саакашвили ҳамда мамлакатдаги учта асосий мухолифат блоки вакиллари бўлган етти сиёсатчи бор: Георгий Вашадзе, Ника Гварамия, Ника Мелия, Зураб “Гирчи” Жапаридзе, Элене Хоштария, Мамука Хазарадзе ва Бадри Жапаридзе. Ушбу сиёсатчиларнинг олти нафари, жумладан Саакашвили ҳам, ҳозирда қамоқда.
Грузия бош прокурори Георгий Гваракидзенинг сўзларига кўра, уларга "саботаж, душман давлатга ёрдам бериш, конституцион тузум ва миллий хавфсизлик асосларига қарши фаолиятни молиялаштириш ҳамда конституцион тузум ёки давлат ҳокимиятини зўравонлик йўли билан ўзгартиришга даъват қилиш" айбловлари қўйилган.
Прокуратура, шунингдек, уч сиёсатчини бошқа давлат ҳукуматларига Грузиянинг Россия билан иқтисодий ва мудофаа алоқалари ҳақида маълумот етказганликда айбламоқда. Қайд этилишича, бу, Тбилисига нисбатан халқаро санкциялар жорий этиш учун “сунъий асос яратиш” мақсадида қилинган. Бироқ қайси давлатлар назарда тутилаётгани очиқланмаган.
Октябр ойи охирида мамлакатда ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси Конституциявий судга уч асосий мухолиф партияни — “Миллий ҳаракат”, “Ўзгаришлар учун коалиция” ва “Лело — Кучли Грузия” партияларини тарқатиб юбориш ҳақида ариза киритган эди.