25 октябрь куни Тбилисида «Иванишвилисиз Грузия» шиори остида ҳукмрон «Грузия орзуси» партияси сиёсатига қарши оммавий намойиш бўлиб ўтди. Мухолифат ва фуқаролик жамияти вакиллари ташкил этган юришда минглаб одамлар қатнашди.
«Марказий Осиё» нашрининг «Дойче Велле» ва «Кавказ тугуни» маълумотларига таяниб хабар беришича, намойишчилар Тбилиси давлат университетидан Руставели хиёбони томон юриш қилган. Улар Грузия, Украина ва Европа Иттифоқи байроқларини кўтариб чиққан.
«Ўзгаришлар учун коалиция» етакчиси Ника Гварамия намойишларни норозилик ҳаракатининг янги босқичи деб атади. Мухолифат 28 ноябрь куни йирик митинг ўтказишни режалаштирмоқда.
Норозиликларга мухолифат партияларини тақиқлаш эҳтимоли ва мамлакатнинг Европа Иттифоқига интеграцияси билан боғлиқ вазият сабаб бўлмоқда.
Грузияда оммавий намойишлар 2024 йил баҳорида «хорижий агентлар» тўғрисидаги қонун қабул қилиниши ортидан бошланган. Ҳукуматнинг Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича музокараларни 2028 йилгача кечиктириш тўғрисидаги қарори эса норозиликларни янада кучайтирган.