Туркиянинг С-130 ҳарбий-транспорт самолёти Грузияда қулаши оқибатида бортдагиларнинг барчаси ҳалок бўлди.
AnewZ нашри воқеа жойидан Грузиянинг Озарбайжон билан чегарадош Сиғнаги муниципалитетида маълум қилди.
Хабарда айтилишича, тасдиқланган маълумотларга кўра, ҳалокатга учраган самолёт бортидаги 20 кишининг барчаси ҳалок бўлган.
"Самолёт маҳаллий вақт билан соат 14:19 да Ганжа аэропортидан ҳавога кўтарилди ва қисқа вақт ўтгач, сигнал бермасдан радарлардан ғойиб бўлди. Самолёт қолдиқлари Холагири монастири яқинидаги тик ёнбағирлар бўйлаб тарқалиб кетган ва биринчи бўлиб маҳаллий аҳоли томонидан топилган. Қидирув-қутқарув гуруҳлари қийин иш олиб боришмоқда", - дейди у. .
Қайд этилишича, Грузияда авиация хавфсизлигини бузиш эҳтимоли бўйича жиноий иш қўзғатилган. Ишлар Туркия ва Озарбайжон билан келишилган ҳолда ва бевосита кўмагида олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 11 ноябрь куни Озарбайжондан Туркияга йўл олган С-130 самолёти Грузия ҳудудида ҳалокатга учраган эди. Самолёт бортида 20 нафар ҳарбий хизматчи бўлган.