Бу ҳақда BBC хабар бермоқда.
Даъво аризасини ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси депутатлари ҳамда парламентдаги икки сиёсий гуруҳ — “Европа социалистлари” ва “Халқ кучи” вакиллари топширган, дея хабар бермоқда нашр.
Мамлакат собиқ президенти Михаил Саакашвилининг “Ягона миллий ҳаракат” партиясидан ташқари, “Ўзгаришлар учун коалиция” ва “Кучли Грузия–Лело” партияларини ҳам тақиқлаш таклиф этилган. “Грузия орзуси” уларни "коллектив миллий ҳаракат" деб атаган. Конституциявий судга қарор қабул қилиш учун тўққиз ой вақт берилган.
Ўтган йилги парламент сайловлари якунига кўра, тўртта мухолиф сиёсий куч минимал овоз олиш тўсиғини енгиб ўтган эди. Уларнинг барчаси сайлов натижаларини тан олмасдан парламент ишида иштирок этишдан бош тортган. Бироқ собиқ бош вазир Гиоргий Гахария раҳбарлик қилаётган “Грузия учун” партияси сайловлардан бир йил ўтиб бойкотни бекор қилган ва парламент ишида қатнашишни бошлаган. “Грузия орзуси” даъво аризасида ушбу партияни тақиқлашни талаб қилмаган.