Кеча эрталаб Греция соҳил қўриқчиси мамлакат сувларида 247 нафар мигрантни ушлаб қолди. Улар полицияга топширилиб, депортациягача вақтинчалик қамоқ марказларига жойлаштирилди.
«Улар бошпана сўраш ҳуқуқига эга эмас ва қабул марказларига юборилмайди», — деди Греция миграция вазири Танос Плеврис кеча “X” ижтимоий тармоғида.
📌 Яқинда Шимолий Африка давлатларидан келган мигрантлар учун бошпана сўровларини кўриб чиқиш жараёни уч ойга тўхтатилган эди. Ушбу 247 киши — янги тартибга тушган илк гуруҳ ҳисобланади. Улар Ливиядан келган ва Гавдос ҳамда Крит жанубидаги денгиз ҳудудида ушланган. ОАВ маълумотига кўра, улардан бири яраланган ва кейинроқ касалхонада вафот этган.
Аввалроқ мамлакатда қонуний мақомга эга бўлмаган шахслар қамоққа олинмас эди, аммо энди Грецияни ихтиёрий тарк этмаслик ҳолатида мигрантлар камида икки йилга озодликдан маҳрум этилади. Қоидани такроран бузиш беш йилгача қамоқ жазосига олиб келиши мумкин. Бу бўйича қонун лойиҳаси Миграция вазирлиги томонидан ишлаб чиқилмоқда.
Шунингдек, вазирлик полиция ихтиёрига қўшимча иншоотларни топширди, улар ноқонуний келган шахсларни изоляция қилиш учун ишлатилади. Ҳар бир ноқонуний мигрант ҳақида депортация буйруғи дарҳол чиқарилади ва чиқариб юборилгунга қадар ҳибсда сақланади. Бу янги тартиб энди барча ноқонуний кириш ҳолатларига нисбатан қўлланилади.