Гренландия бош вазири Йенс-Фредерик Нилсен АҚШнинг қўшимча тарифлар жорий этиш қарори оролнинг ўз тақдирини ўзи белгилашга оид позициясини ўзгартирмаганини билдирди.
Унинг таъкидлашича, Гренландия — ўз қарорларини мустақил қабул қилиш ҳуқуқига эга демократик жамият. «Тарифлар билан таҳдидлар бизнинг позициямизни ўзгартирмайди. Биз мулоқот, ҳурмат ва халқаро ҳуқуққа амал қилиш тарафдоримиз», — деди Нилсен.
Бош вазир, шунингдек, Дания ва Гренландияда ўтган қўллаб-қувватловчи намойишлар аҳоли бирдамлигини намоён этганини қайд этди.
Автоном ҳудуд ҳисобланган Гренландия аввал ҳам АҚШнинг суверенитетни ўтказишга оид таклифларини рад этган эди.