DW нашрининг ёзишича, Германия бир неча йилдан буён тиббиёт ходимлари етишмовчилигига дуч келмоқда: 2024 йилда парвариш соҳасида 32 600 дан ортиқ бўш иш ўрни тўлдирилмаган ҳолда қолди. Бу хориждан, жумладан, Ўзбекистондан мутахассислар излашга мажбур қилмоқда. Берлин ва Тошкент ўртасидаги миграция ва мобиллик тўғрисидаги келишувдан сўнг Ўзбекистонга бўлган қизиқиш кучайди.
Ўзбекистонда тиббиёт кадрлари ортиқчалиги сабабли, у ердан аллақачон тайёргарликдан ўтган мутахассислар жалб этиляпти. Бу уларнинг малакасини тан олиш муддатини 1 йилгача қисқартириш имконини беради.
Таққослаш учун: Вьетнамдан келган тиббиёт ходимларини тайёрлаш тахминан 3 йил вақт олади. Германия клиникаларининг таъкидлашича, Ўзбекистон тайёргарлик тизими талабларга умуман олганда мос келади, аммо мутахассислар беморларни парвариш қилиш соҳасида қўшимча таълимга муҳтож.
Ҳамкорлик доирасида 2026 йилда тил тайёргарлигидан B2 даражасигача ўтган ва касбий мослашувдан ўтаётган 20 нафар тиббиёт ходимидан иборат биринчи гуруҳни қабул қилиш режалаштирилган, дейилади нашр хабарида.