Германиядаги нодир антиквар нашрлар билан савдо қилувчи китоб дўконлари кутилмаган талабга дуч келди. Сунъий интеллектга ихтисослашган компаниялар тил моделлари ва чат-ботларни ўқитишда фойдаланиш учун бундай китобларни катта партияларда сотиб олмоқда.
Антиквар китоб сотувчиларининг сўзларига кўра, айрим буюртмалар уларнинг йиллик даромадига тенг келмоқда. Бунда асосий эътибор илмий-оммабоп ва академик китобларга қаратиляпти. СИ ишлаб чиқувчилари интернетда ҳали мавжуд бўлмаган тарихий тил вариантлари ва услубий нозикликларни ўз ичига олган минтақавий тарих, тилшунослик, ҳуқуқшунослик ва иқтисодга оид эски китобларни мақсадли равишда излашмоқда.
Оммавий ахборот воситалари маълумотларига кўра, СИ мавжуд рақамли матнларнинг катта қисмини қайта ишлаб бўлганидан кейин диққат-эътибор босма нашрларга кўчган. Рақамлаштириш учун миллионлаб китоблар сканерланмоқда, баъзи нусхалар эса шундан сўнг қисмларга ажратилиб, амалда йўқ қилиняпти.
Германиялик китоб савдогарлари маданий мероснинг йўқолишидан хавотирга тушиб, ушбу вазиятга эътибор қаратишга чақирмоқда. Уларнинг фикрича, эски китобларнинг оммавий равишда сотиб олиниши ва йўқ қилиниши ҳали ҳам муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган қимматли нашрларга зарар етказиши мумкин.